Ҳаётнинг мазмуни — изланиш, ўсиш ва меҳнатнинг мевасидан лаззатланишда. Ҳар бир касб улуғ, ҳар бир касб эъзозли айниқса, унга қалбдан меҳр қўйган инсон учун. Шуҳрат Истамович Жўраевнинг ҳаёти ва фаолияти бунга ёрқин мисолдир.
Шуҳрат Истамович 1970 йилда Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Оилада тўрт фарзанд орасида вояга етган. Отаси Истам Жўраевнинг темир йўл соҳасидаги узоқ йиллик фаолияти унда техникага бўлган меҳр ва қизиқишни уйғотгани рост. Ота касби оила ҳаётининг ажралмас қисми бўлса, онасининг газеталар дўконида ишлаши китобга бўлган меҳрнинг шаклланишига туртки бўлди. “Китоб – инсониятнинг энг яхши дўсти”, деган ҳикмат ёшлигиданоқ Шуҳрат акани қалб қалбига сингиб кетган.
Мактабда адабиёт ва тарих фанларига ўзгача меҳр қўйган қаҳрамонимиз 1988 йилда Навоий давлат педагогика институти тарих факультетига ўқишга кирди. Бу орада армия сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтди. 1994 йилда институтни тамомлади. Ўқитувчи бўлиш истагига қарамай, оилавий масъулият ва ҳаёт синовлари уни бошқа йўлга бошқа соҳага бошлади.
УЧҚУДУҚҚА ҚАДАМ ВА МЕҲНАТНИНГ МУКОФОТИ
Болалигида ёзги таътил бошланиши билан Учқудуқ томонларга соғинчларидан қанот ясаб, амакиси Ахтам ака Жўраев хонадонига кўп келарди. Бу сафарги чорлов ёзги дам олишга эмас балки доимий яшаш ва ишлаш учун...
У илк меҳнат фаолиятини Учқудуқдаги уй-жой коммунал хўжалигида чилангарликдан бошлади. Ҳам ишлади ҳам саноатга ихтисослашган техникумнинг кечки бўлимида ер ости қазилмалар мутахассислиги бўйича ўқиди. “Меҳнат қилган инсоннинг қадри ҳамиша баланд бўлади”, дейди Шуҳрат ака. Чиндан ҳам меҳнатеварлиги ортидан чилангар, диспетчер, кейин эса катта уста лавозимида ишлади.
2008 йилдан “Навоийуран” ДМ “Учқудуқ” ИЧМ Геотехнологик конда қудуқларни ковлаш, бурғулаш ва хизмат кўрсатиш бўйича чилангар бўлиб ишлаб келмоқда. Бу даврда тажрибали устозлар Сергей Шастенко, Юрий Суворов ва Сергей Казловлар унга катта билим манбаи бўлиб хизмат қилди. Йиллар ўтиб, ўзи ҳам ёш мутахассисларга устозлик қилиб келаётир.
ОИЛА – ҲАР БИР ИНСОННИНГ МУСТАҲКАМ ҚАЛЪАСИ
Шуҳрат Истамовичнинг оиласи ҳам жамият учун намуна. Турмуш ўртоғи Бибигул Ашурова 12-сонли МТТ да тарбиячи. Уларнинг уч нафар фарзанди олий маълумотли бўлиб, юрт корига яраётган комил инсонлар. Ўғли архитектура йўналишида олийгоҳни тамомлаган. Бугунги кунда Шуҳрат ака ва Бибигул опа беш нафар неваранинг севимли бобо ва бувиси бўлиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Ҳа, инсон меҳнат билан камол топади. Касбига садоқат, оиласига фидойилик, юртига хизмат билан ўтган умр — бу чинакам бахтдир! Шуҳрат ака Жўраевнинг бахти корхона ривожи учун қилаётган ҳалол меҳнатида, ўригидан данаги ширин бўлган неваралари ва оиласи даврасида!.