LOTIN-КИРИЛЛ

УЧҚУДУҚ ТИББИЁТИНИНГ УСТОЗИ ВА УСТАСИ

Эл ифтихорлари

 

Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савоб билан ўтказадиган шифокорлар Учқудуқда талайгина. Ана шундайлардан бири НКМК жамғармаси ДМ “Учқудуқ” ҲБ 2-тиббий-санитария қисми бошлиғи Эркин Ибрагимович Нормуродовдир.

У 1970 йилда Хатирчи туманидаги “Араб” маҳалласида оддий колхозчи оиласида туғилган. Отаси Иброҳим ота “Ш.Рашидов” номли колхоз бригадири, онаси Бўритош ая шу колхознинг ишчиси бўлган бу оилада 7 нафар фарзанд улғайган.  

Болаларнинг энг каттаси Эркин ака отасининг ўша пайтда барчага ўрнак бўлган таъмагир бўлмаслик, холис хизмат қилиш, энг асосийси китоб билан дўст тутиниш каби хислатларини ўзига сингдириб борди. Чиройли яшаш учун яхши ўқиш, дилдан меҳнат қилиш, масъулиятни ҳис қилиш лозим, дея уқтирарди оила даврасида фарзандларига отаси.

Оддий оилада таваллуд топган Эркин Нормуродов болаликдан шифокорлик касбига меҳр қўйиб, етук шифокор бўлиш йўлида астойдил ҳаракат қилди. Камолот пиллапояларида улғайгач 1988 йилда Тошкент давлат тиббиёт инстутига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, институт талабаси бўлди. 1994 йилда санитария, гигиена ва эпидемиология мутахассислиги бўйича дипломни қўлга олиб, вилоят шифохонасининг юқумли касалликлар бўлимида инфексионист интерна шифокори, кейинчалик Учқудуқдаги 2-ТСҚ юқумли касалликлар бўлимида инфексионист шифокор бўлиб ишлади.

Бу эса ўз даврида умрини, ҳаётини тиббиётга бахшида қилган қаҳрамонимизга омад эшикларини бирма-бир очди. 1998 йилдан юқумли касалликлар бўлими мудири, 2009 йилгача 2-ТСҚ бошлиғининг тиббий масалалар бўйича ўринбосари, 2017 йилда Зарафшондаги 3-ТСҚ бошлиғи лавозимлари унга ишониб топширилди. 

Эл саломатлиги йўлида бор билим ва тажрибасини амалда қўллаб, ҳар бир беморнинг имконияти ва руҳиятига қараб, алоҳида ёндашди. Шифо сўраб олис-яқиндан, овул-у, чўлдан келганлардан ўз маслаҳатини аямади. Кези келганда ҳар бир беморнинг бошида парвона бўлди, шифохонада қолиб кунни тунларга, тунни тонгларга улади. Жонкуяр шифокор ва соҳа масъулининг бу эзгу ишларидан кўпчилик миннатдор бўлиб, ҳалигача дуо қилишади.

Кўпнинг дуоси мустажоб бўлиб, Эркин Ибрагимович 2018 йилдан буён 2-ТСҚ бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Энди у фақат ўз ишигагина эмас жамоаси фаолиятига ҳам масъулликни қалбдан ҳис этади. Ташаббускорлик ва ташкилотчилик салоҳиятини амалда кўрсатиб, тизимда бир қатор янгиланишларни амалга оширмоқда. Тиббиёт муассасаси бўлим ва бўлинмаларида қўлланилаётган замонавий русумдаги тиббий жиҳозлар ва ускуналар дейсизми, биноларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини айтасизми, албатта буларнинг бош-қошида Эркин Нормуродов турибди.

Олимлардан бири: “Тўнғич фарзандингизни яхшилаб тарбияланг, қолганлари унга эргашиб катта бўлади”, деган эди. Бу ҳаётий ҳақиқатнинг тасдиғини қаҳрамонимиз улғайган Нормуродовлар оиласида кўриш мумкин. Ҳашамсиз қишлоқ уйининг китоб жавонида бобокалонимиз Мирзо Улуғбек осмондаги мингдан ортиқ юлдузнинг ҳар бирини қандай кашф қилгани, Ал-Хоразмий нима учун риёзиётга тартиб бериш йўлида шунчалар риёзат чеккани, Беруний қандай қилиб қишлоғидан чиқмай уммон ортидаги қитъани кашф қилгани, Имом Бухорий ниманинг илинжида дунёнинг қарийб ярмини пиёда кезиб чиққани ва бошқа кўплаб ўзбек ва жаҳон адабиётининг классикалари қатор терилган китоблар ўқилган. Узун тунлар липиллаб ёниб турган пилта фонус ё шам ёруғида муҳокама қилинган, болаларнинг ҳар бири ўз фикрини айтган. Эркин фикрлашга китоб мутолаасига рағбат бўлган бу хонадонда. 

Шу боисдан укаси Тўлқин Ибрагимович ҳам ака изидан бориб, шифокорликни танлади. Синглиси Эътиборхон ва укаси Нурали Нормуродовлар ҳам тиббий билим юртида таҳсил олиб, ўрта тиббиёт ходимлари бўлиб ишлаб келишмоқда.

Эркин Ибрагимовичнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, бир неча бор фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Икки марта халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши депутатлигига сайланиб, шу ерликларнинг дардига дармон, масала ва муаммоларига ечим топиб, кўпчиликнинг ҳурматига ишончига сазовор бўлмоқда.Дарвоқе, Эркин ака ва Шоира опа Нормуродовлар оиласи “Навоий” маҳалласидаги ибратли оилалардан бири. Қизлари Мухлиса, Зуҳра, ўғли Зоиржонлар одобли, билимли, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзандлар бўлиб камолга етди. Бугун уларнинг ҳар бири олий маълумотли етук касб эгаларидир.

Ҳозирда 30 ёшни қаршилаган ота издоши Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси анестезиология ва реанимция бўлими анестезиолог-реаниматолог врачи Зоиржон Иброхимов ҳақида ҳам фақат яхши эътирофлар эшитилади. “От ўрнини той босади” деганлари шу бўлса керак.

O'qilgan: 158 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 23 Nov 2024

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: