Йилдан йилга автотранспорт воситаларининг сони ортиб бориши инсонлар турмуш тарзининг яхшиланиши ва автомобилсозлик саноатининг ривожланишининг бир белгиси бўлса, иккинчи томондан автомобилларда ёқилғи ёқилиши билан ажралиб чиқувчи чиқинди газлари миқдорининг ошиши билан атроф муҳитга салбий таъсирнинг кўпайишига олиб келиши хозирги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Хозирги кунда атмосфера ҳавосига ташланадиган жами ташламаларнинг 60-70 фоизи транспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдорига тўғри келади.
Автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари таркибида углерод, азот, олтингургут оксидлари, альдегидлар, тетраэтилсвинец, бенз(а)пирен ва бошка зарарли моддалардан иборат. Бу зарарли моддалар эса атмосфера ҳавосидан фойдаланувчилар яъни, нафас оладиган тирик организмларга, энг асосийси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, организмда турли касалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, нафас йўллари, қон-томир хасталикларининг кучайишига, тўқималар фаолиятининг бузилишига, тери, ошқозон-ичак ва кўз хасталикларининг кўпайишига сабаб бўлади.
Автотранспорт воситаларининг двигателларидан чиқаётган чиқинди газларни атмосфера ҳавосига ташланишини камайтириш мақсадида Республика миқёсида ҳар йили икки босқичда «Тоза ҳаво» тадбирлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, «Тоза ҳаво» тадбирларини Навоий вилоятида самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2024 йил 29 мартдаги №24/3-2960-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 20 мартдаги №4-сонли қўшма кўрсатмаси, Навоий вилояти ҳокимининг 2024 йил 17-апрелдаги 44-5-0-F/24-сонли фармойиши, ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқарма бошлиғининг 2024 йил 8-апрелдаги №57-сонли буйруғи чиқарилди.
Фармойишга асосан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, Давлат Санитария Эпидемиологик осайишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт бошқармаси ва Ўзнефтегазинспекция Навоий бўлими раҳбарларидан ташкил топган ташкилий ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ишчи гуруҳи томонидан тадбирни самарали ҳамда оммавий тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида қўшма тадбир ишлаб чиқилди. Вилоятнинг серқатнов автомагистралларида 10 та экологик постлар ташкил қилиниб, тадбирнинг 1-2-босқичи давомида 25 000 та автотранспорт воситаларининг чиқинди газлари миқдорини улчаш иш режаси ишлаб чиқилди. Иш режага асосан барча постларга малакали ходимлар ҳамда тутун ўлчов воситалари билан таъминланди.
«Тоза ҳаво» тадбирини ўтказиш давомида, аҳоли ва жамоатга унинг аҳамияти, мазмун-моҳияти, ҳаво мусаффолигини таъминлашда автомобил эгаларининг бурч ва маъсулиятлари хусусида ҳайдовчилар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ўртасида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда.