LOTIN-КИРИЛЛ

Инсоният янги технологик инқилоб остонасида турибди

      Бу воқеага шунчаки илмий сенсация сифатида қараш ярамайди. Бу худди телефон ёки компютер ихтиро қилинганидан кейинги давр каби кескин бурилиш қилиши мумкин.

 

      Ривоятларда айтилишича, ўрта асрларда икки сўфий олим бир-бирини баҳсга чорлабди. Ниҳоят улар учрашибди. Шогирдлару танишлар – баҳснинг жуда қизиқ ва қизғин бўлишини кутган ҳолда уларнинг теварагини ўраб олишибди. Бироқ орадан бир ош пишгудек вақт ўтган бўлса-да, икки шайхдан ҳам садо чиқмабди: улар ерга қараганча сукут сақлаб ўтираверишибди. Ниҳоят улар ердан кўз узиб, бир-бирларига қараб, “жуда ажойиб суҳбат бўлди, раҳмат сизга”, дея хайрлашиб, уйларига равона бўлишган экан. Улар етишган комил инсон бўлгани сабабли гапирмасдан, замонавий фанда телепатия деб аталган усулда – ўзаро фикрларини ўқиб, суҳбатлашишган экан.

       Албатта, улар бу хислатга махсус илмлар ва руҳий тарбия воситасида эришган бўлишлари мумкин. Бироқ бу услуб ҳаммага ҳам тўғри келмайди, ҳаммада бунга қобилият йўқ. Бироқ ҳозирги олимлар инсониятнинг телепатияга эришиш орзусини рўёбга чиқариб, кенг омма учун тақдим этишга уринмоқда: ўтган ҳафта АҚШдаги Neuralink компанияси инсон миясига чип ўрнатиш муваффақиятли кечганини хабар қилди.

      Олимларнинг ишонтиришича, миясига чип ўрнатилган одам ўзини яхши ҳис қилмоқда, бошидаги жароҳатлари тузала бошлаган.

      Илон Маск ўзининг Х ижтимоий тармоғида шу ҳақда расман маълум қилган.

Аслини олганда, Илон Маск асос солган Neuralink узоқ вақтдан бери одамлар устида клиник синовларни ўтказиш ҳуқуқини олишга уриниб келаётган эди. Тегишли рухсат олган компания бир беморнинг миясига компютер билан ўзаро алоқада бўлиш имконини берувчи чип имплантацияси ўрнатиш бўйича дастлабки жарроҳлик амалиётини амалга оширди.

      Ташкилот вакиллари 2024 йилда жами 11 нафар кўнгилли бемор миясида шундай операциялар ўтказилишини хабар қилган.

Албатта, тажриба қуёнчасидан фарқли ўлароқ, ақли расо одам ўз устида оқибати ҳали ноаниқ бундай жиддий тажрибалар ўтказилишига рози бўлиб, таваккал қилиши қийин.

Бироқ “чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади”, деганларидек, саломатлигига жиддий путур етган айрим беморлар бундай экспериментал тажрибаларга ўзлари розилик беришади. Масалан, ҳозирча давоси йўқ ОИТС ва саратон каби хасталикларга чалинган беморлар айнан шундай экспериментал даволаш усулларини ўзлари қидириб юришади. Одатий ва кенг татбиқ этилган чоралардан фарқли ўлароқ, бундай тажрибалар мутлақо текин ва ҳатто товон пули ҳам тўланади. Эртага барибир ўладиган одам учун бундай тажрибалар ҳеч бўлмаса 50 фоизли имконият бўлиб кўринади.

Neuralink компаниясининг мияга чип ўрнатиш борасидаги хавфли тажрибаларига эса ўз оёқ-қўлларини мустақил равишда ҳаракатлантира олмай қолган одамлар розилик беришган. Масалан, оёқ-қўлидан ажралган беморлар бионик протезлар ёки экзоскелетларни самарали бошқариши учун бу қурилма ҳамда мия ўртасида алоқа ўрнатилиши лозим. ДЦП ёки умуртқа илиги – орқа мияда узилишлар боис фалажланиб, тўшакка михланиб қолганлар ҳам бу услуб воситасида деярли соғлом одам каби ҳаракатлана олишлари мумкин.

Компания ходимлари тажрибалар натижасида инсон мияси ва турли протез қурилмалари ўртасидаги интерфейсни созлашга умид қилишмоқда.

Тажриба давомида инсон бош суягидаги тешикка кичик цилиндрсимон имплант ўрнатилди ва у мия нейронларига жудаям ингичка электродлар орқали уланди. Компания режасига кўра, бундай операцияларни ихтисослашган роботлар амалга оширади.

Илон Маскнинг маълум қилишича, дастлабки натижалар қувонарли, чунки имплант аллақачон бемор миясидаги нейронларининг фаоллигини қайд эта бошлаган.

Компания ўз имплантига Telepathy (телепатия, яъни фикр воситасида бошқариш ёки мулоқот қилиш) дея ном қўйди. Агар клиник синовлар муваффақиятли ўтса, уни оммавий ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу қурилмадан нафақат беморлар, балки соғлом одамлар ҳам ўз имкониятларини ошириш мақсадида фойдаланишлари мумкин. Масалан, чип воситасида фақатгина фикр кучи билан смартфон, компютер ёки бошқа қурилмаларни бошқариш имконияти пайдо бўлади. Тасаввур қилинг, узоқдаги бир дўстингизга қўнғироқ қилиш фикри миянгизга келади. Шу заҳоти (агар у ҳам рухсат берса, албатта) унинг бошидаги чипга уланасиз ва у билан суҳбатлашасиз. Ёки сиз бора олмайдиган маконда юрган, айтайлик, Эверест чўққисига чиққан одамнинг кўзига уланасиз ва атрофдаги манзарани худди ўз кўзингиз билан кўргандек таассурот оласиз! Ёки уйингизда ўчирилмай қолган телевизорни фикр кучи билан ўчирасиз. Ёки миянгиздаги чип орқали интернетга уланиб, филмларни худди туш кўргандек ёки ўз кўзингиз билан кўргандек томоша қиласиз. Ёки кўзи ожиз одамлар бионик кўз – митти камерага уланиб, бу ёруғ оламни кўриш бахтига эришишлари мумкин. Ёки китоб ва билимларни бевосита иш жараёнида ўқиб, ўрганиб оласиз – билимлар ва ғоялар худди миянгизга қуйилиб кела бошлайди... Хуллас, мазкур технология иш берса, келажакда яратиладиган кенг имкониятларни тасаввур қилиш ҳам қийин. Бу кетишда давом этса, инсон, умуман тирик организмлар билан компютер схемалари – чипларининг бирга ишловчи симбиозлари яратилиши ҳам осонлашади.

Масалан, ҳозирданоқ Япониядаги олимлар каламуш мушакларига чиплар ва батарея ўрнатиб, ўзи юрадиган митти роботчани яратишди. Чунки кичик роботларда электромотор қўйиб ҳаракатлантириш жисмонан имконсиз, бу илмий тўсиқни фақат органик тўқималар ёрдамида бартараф этиш мумкин. 

Бироқ ҳозирча Neuralink компанияси ўтказаётган тажрибаларнинг яқин келажакдаги асосий мақсади, Маскнинг сўзларига кўра, миянинг асаб тизимида оғир бузилишлар мавжуд одамларга ёрдам беришдир.

Эслатиб ўтамиз, бу борадаги энг биринчи тажрибалар ақлий ва мия тузилиши жиҳатидан одамга кўпроқ яқин бўлган маймунларда ўтказилган эди. Миясига чип ўрнатилган маймунлар мия сигналлари ёрдамида компютер ўйинларидаги объектларни бошқара олиш қобилиятига эга бўлишган. Мисол учун, миясига чип ўрнатилган макака маймуни компютер дисплейида стол тенниси ўйнади.

Компания 2019 йилдаёқ бу имплантни одамларда синаб кўрмоқчи эди, бироқ рухсат олишнинг имкони бўлмади.

Тажриба ўтказилаётган бемор миясидаги ярим кортексига кирадиган электродлар 2 миллиметрдан камроқ чуқурликка жойлашади, аммо бу кўплаб бошқа илмий ечимлардан афзалроқ кўринмоқда. Беш ёки ўн нафар беморнинг биринчи гуруҳида имплантларни синаб кўриш одатда олти ой давом этади. Aгар ушбу босқичда ҳаммаси яхши кетса, компания синовларни кенгайтириши мумкин. Бироқ Neuralink илмий маслаҳатчилари компаниянинг мия имплантлари оммавий фойдаланишга рухсат берилгунига қадар йиллар ўтишини айтишди.

Аслини олганда, Neuralink мияга чип ўрнатиш лойиҳаси борасида 2020 йил августдаёқ ижобий илмий натижаларга эришган. Ўшанда, Илон Маскнинг айтишича, компания олимлари Гертруда лақабли чўчқанинг миясига чип ўрнатиб, уни компютерга симсиз (тўлқин) технологиялари ёрдамида улашган. Бу натижа ҳақида чиқарилган видеотақдимотда Илон Маск тажриба остидаги чўчқанинг миясида юз бераётган фаолликларни бемалол компьютер орқали кузатиб бориш мумкинлигини намойиш этганди.

Албатта, бу борадаги тажрибаларга қаршилар ҳам бор. Хусусан, дастлабки тажрибаларда миясига чип ўрнатилган 15 маймуннинг жарроҳлик операциясидан сўнг тузалмасдан ўлиб қолгани ёки аҳволи оғирлиги боис йўқ қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Жумладан, 2017 йилдан 2020 йилгача Neuralink тажрибаларида иштирок этган ташкилот – Калифорния университетининг Приматларни ўрганиш миллий маркази (CNPRC) тажрибалар натижасида маймунларнинг аҳволи оғирлашганини ошкор қилди. Шунингдек, юқумли касалликлар бўйича мутасадди илмий-тадқиқот марказлари ҳам Neuralink компанияси ходимлари маймунлар миясини операция қилишда ишлатилган хирургик анжомларни тозалашга бефарқ бўлишгани, бундай шароитда маймунлар миясидаги турли патоген организмларнинг тарқалиб кетиш хавфи туғилиши ҳақида бонг урди.

Аввалига Илон Маск буни тан олмади. Бироқ ўтган йилнинг 10 сентябрида у X тармоғида маймунлар ўлганини тан олди. Лекин маймунларнинг ўлими чип ўрнатиш амалиёти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади.

Ўшандаёқ у Neuralink компанияси ишлаб чиқаётган инновацион чип одамларга турли қурилма ва гаджетларни симсиз, узоқ масофадан бошқариш, ҳатто инсонларнинг ўзаро мулоқот қилишига имкон яратишни ваъда берган ва маймунлардан сўнг одамлар устида тажрибалар бошланишини айтганди.

Мана, ниҳоят, одамлар миясига ҳам чип ўрнатиш муваффақиятли кечган кўринади. Бу воқеага шунчаки илмий сенсация сифатида қараш ярамайди. Инсоният тамаддуни, эҳтимол, худди телефон ёки компютер ихтиро қилинганидан кейинги давр каби кескин бурилиш олдида турибди. Одамзод янги имкониятлар ва ақлга сиғмайдиган ихтиролар даврига қадам қўймоқда. Бир пайтлар – атиги 30 йил олдин ёзув машинкаси, фотоаппарат, магнитофон, видеокамера, калкулятор, телефон, китоблар ва ҳоказоларни битта кичкина қутига – смартфонга жо қилиб, чўнтагимизда олиб юрамиз, дейилса, ишониш тугул, тасаввур қилиши ҳам қийин эди. Бироқ илм-фан тараққиёти йилдан-йилга тезлашиб кетмоқда. Бунинг устига инновацион чиплар ва айни пайтда ривожланиб бораётган сунъий ақл технологиялари бирлашса, инсоният ҳозирча тасаввур ҳам эта олмайдиган янги имкониятлар ва инновацион технологиялар замони остонасида тургани аён бўлади. Фақат унгача урушлару, экологик талафотлар воситасида Ер шарини ва ундаги ҳаётни йўқ қилиб юбормасак бўлгани...

O'qilgan: 291 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: