Нафас йўлининг турли қитиқловчиларга кучли таъсирланиши бронхиал астма ташхисига сабаб бўлади. Бу сурункали яллиғланиш касаллиги бўлиб, хансираш, қийин ажралувчи балғам ва баъзан нафас қисиш хуружи кабилар кузатилади.
Албатта бунга сабаб бўлувчи бир қанча омиллар мавжуд. Масалан, наслий ва касбий омиллар, экологик муаммолар, семизлик, нотўғри овқатланиш, турли микроорганизм ва аллергенлар... Болаларда мазкур хасталикни юзага келтирувчи яна бир муҳим фактор бор. Буни Австралиянинг Квинсленд университети олимлари аниқлади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотида.
Қайд этилишича, ота-оналардаги давомли руҳий тушкунлик келгусида уларнинг фарзандларида астма хасталигини пайдо қилиши мумкин. Ушбу илмий хулосани жамоатчиликка тақдим этиш учун 14 йил зарур бўлган. Узоқ йиллик тадқиқот давомида Австралияда яшовчи 3900 нафардан ортиқ болаларга тегишли тиббий маълумотлар таҳлил қилинди.
Ўрганишлар якунида ота-оналари ўрта ва юқори даражада стрессни бошдан кечирган ўғил-қизларда 77 фоиз кўпроқ нафас қисиши ва ҳансираш хуружлари кузатилиши маълум бўлди. Алоҳида мезонлар бўйича таҳлил қилинганда, оналаридаги депрессия туфайли фарзандларида астмага чалиниш эҳтимоли 55 фоизга ортиши аниқланди.
Шунингдек, ота-оналари ўртача молиявий қийинчиликларга рўбарў келган оилаларда дунёга келган ўғил-қизларда бу кўрсаткич 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирги кунда дунё бўйича ўртача 5 фоиз аҳоли бронхиал астма ташхиси билан яшамоқда. Болалар ўртасида бу статистика янада юқори — 10 фоизга тенг.