Ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланади. Сенатда кўрилаётган қонунда ана шундай норма ҳам борлиги маълум бўлди.
Қонун билан, қуйидаги ҳуқуқбузарликлар Жиноят кодексига киритилиши мумкин:
- транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқариш (санкцияси – 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш)
- автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузиш;
- транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши;
- сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефт газида ёки дизел ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузиш.
Шунингдек, транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Бу қонунда ҳайдовчиларга қоидабузарликлари учун жарима баллари тизими жорий этилиши ҳам кўзда тутилган. Лекин Сенат матбуот хизмати хабарида бу масала тилга олинмаган.
Қонунда, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза орган ходимларининг тасвирларини уларни обрўсизлантириш мақсадида интернетда тарқатганлик учун жавобгарлик киритилиши ҳам кўзда тутилган. Жамоатчилик танқидларига сабаб бўлаётган бу норма, Сенат ахборотида айтилишича, ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси ушбу қонунни 2023 йил ноябр ойида қабул қилган эди. Ўшанда берилган расмий хабарларда “права”ни сотиш алоҳида жиноят тури деб белгиланиши ҳақидаги маълумот учрамайди.