Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳасида педагог ходимлар тоифаси, лавозимлари танлов бўйича эгалланадиган педагог ходимлар ва танлов қатнашчиларига қўйиладиган малака талаблари танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби, шартлари ва муддати, меҳнат шартномаси (контракт)ни тузиш, ўзгартириш ва тўхтатиш тартиби ҳамда vacancy.edu.uz платформаси орқали аризалар топшириш схемалари тасдиқланмоқда.
Қуйидаги шахсларга педагог сифатида фаолият олиб бориш тақиқланади:
тегишли маълумоти ва касб тайёргарлиги бўлмаган;
суднинг қарорига асосан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган;
педагоглик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган.
Мазкур банднинг иккинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида келтириб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганда педагог сифатида фаолият олиб боришига рухсат берилади.
Олий таълим ташкилоти раҳбарига олий таълим ташкилоти (факултет) кенгашида кўриб чиқиш учун педагог ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани киритиш ҳуқуқи берилади.
Олий таълим ташкилоти (факултет) кенгашида педагог ходимнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқишдан олдин унинг фаолияти олий таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланадиган комиссия томонидан ўрганилади. Кенгаш қарори асосида педагог ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод қилишга унинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий (тарбиявий) йўналишларда амалга оширган ишлари қониқарсиз деб топилган тақдирда у билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади.