НКМК – 65 ёшда!
Шимолий кон бошқармасининг бирор бир бўлинмасини “Таъмирлаш -механика цехи” ёрлиғи остида ишлаб чиқараётган мураккаб деталлар ва ностандарт маҳсулотларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Цех бугунги кунда таъмирлаш-монтаж ишларини амалга оширувчи учта участкадан иборат.
Бу ерда корхона тасарруфидаги барча бўлинмалар учун вагон-кабиналар, 3 - сонли гидрометаллургия заводига зарур бўлган металл конструкциялар ва ностандарт ускуналар ишлаб чиқарилади. Таъмирлаш ва монтаж қилиш ишлари олиб борилади. Шунингдек, "Шарқий" ва "Даугизтау" кони тоғ - кон ускуналарини жорий ва мукаммал таъмирлаш, темир йўл цехи темир йўл цистерналари, 1-сонли автокорхона ва автомобил транспорт бошқармаси учун транспорт воситалари ва оғир техникаларни таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Эътирофлиси, асосий ускуналар бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг катта қисми таъмирлаш механика цехида таъмирланмоқда. Биргина, жорий йилнинг дастлабки 10 ойида юзга яқин 31 млрд. сўмлик сўнгги 5 йилда эса 22 турдаги 9,1 млрд. сўм миқдоридаги маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Цехда ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобига чет элдан валютага кириб келадиган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар қисқартирилиб, янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва уларнинг сифатини ошириш борасида катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ўз ўрнида олтин ажратиб олиш ва унинг таннархини пасайтиришда ҳамда корхона олдига қўйилган режаларнинг бажарилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, 3-сонли гидромераллургия заводида таъмирлаш механика цехининг ишчи-ходимлари томонидан тайёрланган қатор ностандарт қурилмаларнинг таъмирланиши маҳаллий мутахассисларимизнинг салоҳиятининг нечоғлиги юқорилигидан дарак беради.
-Шонли комбинатимизда меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг олдида мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини юксалтириш каби улуғ ният ётибди. Айниқса, кончилик ва металлургия саноатида ишлаётганлар мураккаб иш ва иқлим шароитларида ер ости бойликларини самарали ўзлаштириш ҳадисини олишган, шу билан бирга масъулиятни ҳам ҳис этишади, –дейди цех бошлиғи Нурали Дўстов. –Бизнинг жамоа ҳам ана шулар сафида эканлиги ғурурлантиради.
Лайло КАРИМОВА