Кулгуни ўрганувчи фан - гелотология тасдиқлайди: 5 дақиқа давом этган кулги 40 дақиқали ҳордиқ ўрнини босади. Ахир кулгу - табиатнинг инсонга ато этган шифобахш воситасидир. Кулгу инсон физиологиясига ижобий таъсир этиб, соғлиқни асрайди ва умрни узайтиради.
Ҳазил-мутойибага мойил кулгу шинавандалари камроқ касалланиши бу - илмий исботланган факт. Хўш бунинг сири нимада?
Америкалик руҳшунослар шундай тажриба ўтказдилар. Унда ўн киши иштирок этиб, режага кўра улар бир нечта кулгили видеотасвирларни томоша қилишлари керак эди. Тажрибадан икки кун аввал, томоша бошланишидан ўн беш дақиқа олдин ва томоша тугаши заҳоти мутахассислар бир нечта кўрсатмалар бўйича тажриба иштирокчиларининг руҳий ҳолатини ўргандилар.
Маълум бўлишича, ўйин-кулги кутилаётган вазиятнинг ўзи организмимиз ҳолатини яхшилашга хизмат қилар экан. Тажриба бошланишидан 2 кун олдин иштирокчиларда депрессия кўрсаткичи 51 фоизга, хижиллик 36 фоизга, чарчоқ 15 фоизга камайган. Томоша якунланаётганида эса депрессия 98 фоизга, хижиллик 75 фоизга, чарчоқ 87 фоизга тарк этган.
Табассум қилиш дўст орттиришга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Ундан ташқари, оптимистлар ҳазилга тоби йўқ, тунд кишилардан фарқли ўларок, юқумли касалликларга мойил бўлишмайди. Кўпгина кузатувлар қаҳ-қаҳа отиш воситасида ҳатто сурункали артрит касаллигини муолажа қилиш мумкинлигини тасдиқлади. Инсон кулганда қон таркибида оғриқни қолдирувчи хусусиятга эга эндорфиннинг ҳиссаси ортади.
Кулгу мушакларни бўшаштириб, уларга дам бериш имкониятини яратади. Инсоннинг кулгуга таъсирчан бўлган иммун системаси тўғридан-тўғри стрессга бўлган реакцияга қарама-қарши туради. Яна бошқа илмий изланишлар оналари ҳазилкаш бўлган гўдаклар ўткир респиратор вирус инфекцияси билан деярли оғримаслигини кўрсатади.
Қаҳ қаҳа, агар шундай дейиш тўғри бўлса, инсонга худди эрталабки бадан тарбия, югуриш машқи сингари таъсир курсатади: қон босими аввал тез кўтарилиб, кейин аста-секинлик билан пасайиб боради. Кулгу стрессни келтириб чиқарувчи учта асосий гормонни йўқотиши илмий исботланган. Яқинда эса япониялик олимлар кулгунинг қондаги қанд миқдорига жиддий таъсир килишини аниқладилар.
Асли кулги бу нафас олиш гимнастикаси. Унинг ҳатто санскритча номи бор: хасьяйога. «Хо-хо» - қориндан (диафрагмадан), «ха-ха» юракдан, «хи-хи» кўкрак қафасидан чиқади. Бугунги кунда ичак узди кулги қаҳқаҳаси терапевтик аҳамиятга эга.
Кулгитерапия ғарб шифохоналарида аллақачон амалда. Кулгини ўрганувчи халқаро жамият конгрессларининг бирида таъкидланишича, онкологик касаллик билан оғриган беморларнинг кулгитерапия муолажасини ўташ давомида соғлиги ва тиббий кўрсаткичи сезиларли яхшиланган.
Табиатан ҳазилкаш инсонлар ғамгин юрадиганларга қараганда юрак хасталиги билан 40 фоизга камроқ касалланар эканлар. Кулги астма ва бронхит касаллигига учраган одамлар учун энг яхши дaвo мaшқлapидaн биридир. Одам кулаëтганда ўпка фаолияти жонланади ва туриб қолган балғамнинг тозаланиши учун қонга кислород олиб киради.
Шифокорлар кулгини нафас йўлларидаги балғамни кўчиришда кўкрак қафасини физиотерапиясига қиёслашади. Гап шундаки, биз кулаëтганимизда организмимиздаги ҳамма аъзоларга нисбатан жисмоний босим ошади. Кулгидан тўхтаганимизда танамиз бўшашиб, хотиржам бўлади, аниқроғи, кулги пайтида босим бартараф этилади. Олимларнинг таъкидлашича, 1 дақиқа давом этган самимий кулги 45 дақиқали кучли релаксацияга тенг.
Кулги иммунитетни оширади. 1 дақиқали самимий кулгидан кейин нафас йўлларига организмни турли бактерия ва вируслардан ҳимоя қилувчи катта миқдорда антитела киради. 10 дақиқали кулги қон босими кўтарилганда уни тушириши ҳамда холестерин тошмаларнинг пайдо бўлиш эҳтимолини камайтириши мумкин. Кулги пайтида соатига 100 километр тезликда ўпкадан ҳаво чиқади, бу эса ўпка фаолиятини ўта фаоллаштиради. 17 дақиқа давом этган кулги умримизни 1 йилга узайтирар экан.
Раъно АҲМЕДОВА,
туман тиббиёт бирлашмаси терапевт врачи.