Янги Меҳнат кодекси 232-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга таътилнинг исталган вақтида фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 230 ва 231-моддаларида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда кейинги иш йилида берилиши керак. Янги меҳнат кодекси 232-моддаси 2-қисмига кўра он саккиз ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди.
Таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Бундай розиликсиз чақириб олиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар томонлар таътилнинг бир қисми жорий йилда тақдим этилиши тўғрисида келишган бўлса, буйруқда бу қисмдан фойдаланиш ойи ёки календар даври кўрсатилиши ёки таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий йилда ходимнинг аризасига кўра тақдим этилиши тўғрисида ёзилиши керак. МК 230-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили ҳар йили, ушбу таътил берилаётган иш йили тугагунига қадар берилиши керак.
Агар томонлар таътилдан чақириб олиш ва унинг бир қисмини кейинги иш йилига кўчириш тўғрисида келишган бўлсалар, буйруқда фойдаланилмай қолган кунларнинг кўчирилиши ва уларнинг таътиллар жадвалига мувофиқ кейинги иш йили учун бериладиган навбатдаги таътил билан бир вақтда тақдим этилиши тўғрисида кўрсатилади. Ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда ҳар йилги меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда ходимнинг розилиги билан таътилнинг 14 календар кундан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин бўлиб, ушбу йил давомида ундан фойдаланилиши шарт.
Ходимнинг розилиги билан уни таътилга чиққан куннинг эртасига таътилдан чақириб олиш мумкин. Лекин, ходим меҳнат таътилини пулли компенсацияга алмаштиришни сораса, ушбу кодекснинг 234-моддасига кора таътилнинг энг кам давомийлиги (21 кун 217-модда)дан, ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун йиллик қошимча таътил (481-модда)дан, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қошимча таътил(483-модда, Вазирлар Маҳкамасининг 743-сонли қарори билан белгиланган таътиллар)дан, он саккиз ёшга толмаган ходимларга, 1-2-гуруҳ ногиронлиги болган ходимларга бериладиган ижтимоий таътилларнинг барча турларидан, ҳар йилги узайтирилган асосий меҳнат таътилларидан ташқари қисми пулли компенсацияга алмаштирилиши мумкин.
Эътибор беринг, ходимни таътилдан чақириб олиш қоидалари ҳар йилги меҳнат таътилига
нисбатан татбиқ қилинади. МК 216-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилининг турлари
қуйидагилардан иборат:
- асосий меҳнат таътили (ҳар йилги асосий энг кам ёки ҳар йилги асосий узайтирилган);
- ушбу Кодекснинг 222-моддасида назарда тутилган тартибда асосий энг кам ёки асосий узайтирилган таътил билан жамлаб ҳисобланадиган қўшимча меҳнат таътили.
МК 236-моддасига кўра, ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллардир.
Диққат! Таътилдан чақириб олиш қоидалари яъни 230, 231, 232-моддалар ижтимоий таътилларга, шу жумладан иш ҳақи қисман сақланадиган таътил ва иш ҳақи сақланмайдиган таътилларга нисбатан қўлланилмайди. Улардан ҳам асл ҳолда фойдаланилади.
Дилдора Рустамова,
туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.