Савол: Ассалому алайкум, Ёшлар дафтарида турамиз, 2 нафар фарзандларимиз бор. Уй жойимни тамирлаш ва қўшимча хона хаммом ва бошқа қурилиш қилишим учун гаровсиз кредит олсам бўладими?
Жавоб: «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилгаи янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 6-бандига асосан, кредит олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим: а) кредит олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшларнинг алоҳида тоифаларига мансуб Ўзбекистон Республикаси фуқароси; б) «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг янги турмуш қурганлари (никоҳи қайд этилганига 3 йилдан ошмаган бўлиши лозим); в) даромад манбаларига, шахсий ёрдамчи ёки деҳқон хўжалигидан ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан доимий даромадга, шунингдек, кредит бўйича ҳисобланган фоизларни ва асосий қарзни тўлов жадвалига мувофиқ ҳар ойда тўлаш учун етарли бўлган қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бошқа даромад манбаига эга бўлиши; г) қарз юки кўрсаткичи қарз олувчининг барча кредитлари ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўловларининг ушбу қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг тасдиқланган ўртача ойлик даромадларининг 70 фоиздан юқори бўлмаслиги; д) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш ишлари қийматининг камида 15 фоизи миқдорида бошланғич бадални шакллантириш имкониятига эга бўлиши; е) кредит ажратишни кўриб чиқиш вақтида қарз олувчининг кредит ташкилотларидан аввал олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги; ж) илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитларидан ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялардан фойдаланган ҳолда квартира ёки якка тартибдаги уй-жой ҳамда уй-жой билан таъминлаш бўйича бошқа ёрдам олмаган бўлиши; з) якка тартибдаги хонадонда қўшимча уй-жой қуриш учун ер участкасига умрбод эгалик қилиши ёки мулк ҳуқуқи ва белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига эга бўлиши. Юқоридаги Низомнинг 17-бандига асосан, якка тартибдаги қўшимча уй-жойни қуриш ишлари учун Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан ёшларнинг алоҳида тоифаларига кредитлар банклар томонидан қуйидаги шартлар асосида ажратилади: 1) бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан; 2) 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга; 3) бошланғич бадали якка тартибдаги хонадонда қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда; 4) бир қарз олувчига бериладиган кредитлар 33 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда берилади. Ариза узоғи 3 кун муддатда кўриб чиқилади. Аризангизни кўриб чиқиш натижасида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган ва унда камчиликлар ёки ёлғон маълумотлар аниқланмаган тақдирда, уй-жой таъмирлаш ёки қуриш учун, банк 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратади.
Учқудуқ туман Адлия бўлими
Савол: Аёллар дафтарига кирган фуқорога ҳеч қандай кредит олмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун субсидия асосида тикув машинаси олса бўладими? Шундай имтиёзлар борми? Жавоб: Ассалому алайкум. Тикув машинасини олиш учун субсидиялар берилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 3-февралдаги ПФ-6155-сон Фармонига асосан тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилади. Бунинг учун Сиз 7 миллион сўмгача субсидиялар ажратилишини сўраб Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига (меҳнат биржаси) (дастлаб рўйхатдан ўтган ҳолда) ариза билан мурожаат қиласиз. Аризангизда ўз фаолиятингизни бошлаши учун керак бўладиган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларининг номи ва тури, сони, таҳминий харид нархи ва бошқа қўшимча маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакани ошириш ва тадбиркорлик кўникмалари курсларини тугатганлиги ҳамда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтганлигингиз ёки ўзини ўзи банд қилиш истагидаги фуқаролар фаолият турлари бўйича солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлигиннгизни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилишингиз лозим. Аризангиз узоғи 3 кун муддатда кўриб чиқилади. Аризангизни кўриб чиқиш натижасида ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган ва унда камчиликлар ёки ёлғон маълумотлар аниқланмаган тақдирда, сизга тегишли меҳнат қуроли далолатнома асосида топширилади.
Учқудуқ туман Адлия бўлими
Савол; Олий таълимга имтиёзли кириш учун тавсиянома қандай тоифадаги хотин-қизларга берилади.? Жавоб; Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга қўшимча 4% лик давлат гранти асосида ОТМларга қабул қилиш бўйича танловда иштирок этиш учун тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида берилади: ➖ кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар (бунда кам таъминланган оила деганда, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорнинг 0,527 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила тушунилади); - тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар; - турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар; - ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар; - икки ёки ундан ортиқ фарзандларини тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида (ижарада) яшаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари; ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар. Ушбу тоифаларга тўғри келадиган хотин-қизлар 8 июнга қадар aziz-ayol.uz сайти орқали электрон равишда ариза беришлари мумкин. Мабодо муаммо ёки тушунмовчилик бўлса, яхшиси яшаш жойидаги маҳалла фуқаролари йиғинларига мурожаат қилганлари маъқул. Учқудуқ туман Адлия бўлими Савол; Мен касб хунар мактабида директор уринбосари вазифасида ишлайман. Мехнат таьтилига чикмокчи эдим. Менга "таьтил кунингиз 19 кундан иборат " дейишди. Шу тўғрими? Жавоб; Йўқ бу нотўғри. Чунки янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 217-моддасида ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календар кунни ташкил этиши мустаҳкамланган. Шунингдек, ушбу кодекс 501-моддаси билан таълим ташкилотларининг педагог ходимларига ҳафтасига 36 соатдан ортиқ бўлмаган иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади ва йиллик узайтирилган меҳнат таътили берилади. Шундай экан, сиздаги ҳолатда таътил 19 кунни ташкил этиши мумкин эмас. Бу масалада туман адлия бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.
Учқудуқ туман адлия бўлими.