LOTIN-КИРИЛЛ

Ошаётган иш ҳақи, “имтиёзли” жарима ва “дом”лар томига қуёш панели. 1 майдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

 

  Иш ҳақи ошади

  Президент фармонига кўра, 1 май кунидан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори   7 фоизга оширилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 минг сўм этиб белгиланади.

Жарималар учун 50% чегирма

  Тегишли қонунга мувофиқ 2023 йил 1 майдан маъмурий жарималарни 15 кун ичида тўлаганлик учун чегирма миқдори оширилади. Бунда ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Мазкур тартиб суд қарорига асосан қўлланадиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Имтиёзли транспорт карталари “ишга тушади”

  1 майдан шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталари республиканинг барча шаҳарларида берилади. Президент қарорига мувофиқ шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш республиканинг барча шаҳарларида амалга оширилади.

Айримларга хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади

Президентнинг тегишли қарорига асосан 2023 йил 1 майдан бошлаб «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахсларга айрим турдаги товарлар хариди учун қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилади. Яъни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларида тухум, ўсимлик ёғи ҳамда мол, қўй, парранда гўштлари харидини амалга оширганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига, харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетидан қайтарилади.

“Метан-заправка”ларга онлайн камера ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 10 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 1 майдан қатор тартиблар ўрнатилмоқда.

Жумладан: 

– автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камераларини ўрнатиш ҳамда уларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш мажбурий ҳисобланади;

– пахта хомашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимларининг операторлари ўз тизимларини солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишлари мажбурий ҳисобланади;

– тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун (олинган ҳақ, комиссия учун «0» сўм бўлган тақдирда ҳам) электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этади ва расмийлаштиради. 

Янги “дом”ларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш мажбурий бўлади

Президентнинг 2023 йил 16 февралда қабул қилинган “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади. Шунингдек, 1 майдан бошлаб янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади. Республикадаги барча ёқилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади. 

Айримларга шифохонада бепул овқат берилади

Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 майдан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашда қатор тартиблар ўрнатилмоқда. Жумладан, тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онасига (уларнинг ўрнини босувчи шахсга) ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади. Шунингдек, стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул овқатланиш йўлга қўйилади. 

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг яқинлари ижтимоий қўллаб-қувватланади

Президентнинг тегишли фармони билан ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида яраланганлиги, контузия ёки майиб бўлганлиги оқибатида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилари ва ходимларининг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларга 2023 йил 1 майдан бошлаб қатор имтиёзлар берилмоқда.

Жумладан:

– оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;

– оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;

– белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;

– қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;

– ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби татбиқ этилади (мулкида турар жой бўлмаган тақдирда).

Раҳбар кадрлар учун ўқув курслари жорий этилади

Президентнинг 2023 йил 7 февралдаги тегишли қарорига асосан, 2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилинади. Бунда, мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат берилади.

Банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга рухсат этилади

Президентнинг 2022 йил 10 ноябрь куни қабул қилинган “Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2023 йил 1 майдан қуйидагиларга рухсат берилмоқда:

– тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;

– юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга.  


 

O'qilgan: 567 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: