Эслатиб ўтамиз, янги МК 2023 йил 30 апрелдан кучга киради. Касаба уюшмаси ходимни бўшатишга розилик бериш ҳақида иш берувчига хабар бермаса...
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 164-моддасида амалдаги (бир ойдан кейин эскирадиган) Кодекснинг 101-моддасидаги умумий қоида сақланиб қолмоқда, яъни:
-агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди.
Агар корхонанинг жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатишда касаба уюшмаси қўмитаси розилиги назарда тутилган бўлса, албатта бундай розилик олиш шарт. Акс ҳолда, иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш амалиёти ноқонуний бўлиб қолади.
Лекин, баъзан, иш берувчи ходимни ишдан бўшатиш масаласида розилик олиш учун касаба уюшмаси қўмитасига тақдимнома чиқарса, касаба уюшмаси қўмитаси тақдимномани кўриб чиқиш натижаси бўйича ҳеч қандай ҳабар бермайди. Амалдаги ва эскираётган МКда бу масалага ҳеч қандай изоҳ ёки аниқ жавоб берилмаган.
Янги таҳрирдаги МКнинг 164-моддаси эса ана шу саволга аниқ жавоб бермоқда, мана бундай деб:
-касаба уюшмаси қўмитаси ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилиги масаласи бўйича қабул қилинган қарор ҳақида меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг ёзма тақдимномаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда иш берувчига хабар қилиши керак;
-агар кўрсатилган муддат тугаганидан кейин касаба уюшмаси қўмитаси қабул қилинган қарор ҳақида хабар қилмаса, иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ушбу Кодексда белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитасининг розилигисиз бекор қилишга ҳақли.
Яъни, агар касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг тақдимномасини қабул қилган бўлса, бироқ юқоридаги 10 кунлик муддат тугаганидан кейин ҳам якун юзасидан иш берувчига ҳеч қандай хабар бермаса, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси розилигисиз ходимни бўшатиши мумкин бўлади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.
Диққат! 30 апрелдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома амалиёти чекланади.
Айни пайтда жуда кўплаб иш берувчиларни ўйлантираётган нарса фуқаролик-ҳуқуқий шартнома (кейинги ўринларда қисқартириб “ФҲШ” деймиз) масаласидир.
Амалдаги МКдан фарқли равишда янги МКда ФҲШлар борасида бир қатор қоидалар, шу билан бирга чекловлар кўзда тутилмоқда.
Биринчи қоида. Янги МКнинг 11-моддаси 3-қисми, “ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади”.
Айни мана шу қоида ФҲШ амалиётида ўзига ҳос кульминация бўляпти. Эътибор беринг, бу ерда қисқача “якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар бўйича ФҲШ тузилмайди” деган маъно бор. Масала шундаки, янги МК кучга кирадиган 2023 йил 30 апрелдан бошлаб иш берувчилар ФҲШ амалиётини чеклашга ва уларнинг аксарият қисмини меҳнат шартномасига ўтказишга мажбур бўладилар.
Кейин, юқоридаги қоидада қарама-қарши маъно ҳам борлигини айтишимиз керак. Яъни, агар корхонадаги мавжуд муносабат якка тартибдаги меҳнат муносабати ҳисобланмаса ва “якка тартибдаги меҳнат муносабати” деб номланган ҳудуднинг чегарасини кесиб ўтмаса, демак бундай муносабатлар юзасидан фуқарони ФҲШ асосида ишга ёллаш мумкин. Айни пайтда ўша чегара қаердан бошланиб, қаерда тугаши ҳақида алоҳида пост тайёрлаяпмиз.
Иккинчи қоида. Янги МКнинг 11-моддаси 12-қисмига кўра меҳнат тўғрисидаги қонунчилик фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга нисбатан тадбиқ этилмаслиги белгиланмоқда.
Ўзи, ФҲШ амалдаги МКда назарда тутилмаган бўлса ҳам, барибир бу амалиётга меҳнат қонунчилиги, шу жумладан, меҳнат соҳасидаги бошқа ҳужжатлар тадбиқ этилмас эди. Асосан, Фуқаролик кодекси нормалари қўлланилар эди. Яъни, масалан ФҲШ бўйича ишлаётган шахсга МКда назарда тутилган меҳнат кафолатлари (таътил, касаллик нафақаси, оналик нафақаси, меҳнат ҳақи билан боғлиқ мукофотлар, моддий ёрдам тўловлари), ёки интизомий жазо кабилар қўлланмас эди. Фарқи, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бу масала аниқ норма сифатида белгилаб қўйилмоқда.
Учинчи қоида. Янги МКнинг 33-моддаси 1-қисмига биноан:
-жисмоний шахс билан ушбу Кодекс 11-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муносабатларни ҳақиқатдан тартибга солувчи фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномани тузиш ушбу муносабатларнинг суд томонидан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилишига сабаб бўлади;
-бундай ҳолда меҳнат шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома тузилган кундан эътиборан тузилган деб ҳисобланади, тарафларнинг муносабатлари эса шартномада шартлашилган ишни жисмоний шахс томонидан бажариш бошланган кундан эътиборан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилади.
Бу нормаларнинг маъноси жуда оддий. Агар иш берувчи янги МКнинг 11-моддасидаги талабга риоя қилмай, меҳнат шартномаси ўрнига фуқарони ФҲШ асосида ишга жалб қиладиган бўлса, ўша фуқаро судга даъво киритиш ҳуқуқига эга бўлади, бундай ҳолларда фуқаролик суди вазиятни ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТ МУНОСАБАТИ деб эътироф этиш ҳақида фуқаронинг фойдасига қарор чиқариб беради. Натижада, ўша фуқаро билан ФҲШ тузилган вақтдан ёки ФҲШ бўйича иш бошланган кундан меҳнат шартномаси тузилган ҳисобланади.
Бундай ҳолларда ФҲШ бўйича ишлаб келган шахсларга ўша даврдан (яъни меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланган кундан) бошлаб барча меҳнат кафолатлари қайтадан ҳисоб-китоб қилиб берилади (тўлаб берилади). Масалан, таътиллар, касаллик нафақалари, бошқа ходимларга берилиб, бу шахсга берилмаган мукофотлар, моддий ёрдамлар ва ҳоказолар назарда тутилмоқда.
Иш берувчиларга тавсия. ФҲШ амалиётидан кенг фойдаланиб келган иш берувчилар 30 апрелдан жиддий ўзгаришлар юз беришини тушунишлари керак.
ФҲШ амалиётининг маълум бир қисмидан воз кечишга, бундай шартномалар асосида ишлаётган шахсларни меҳнат шартномасига ўтказишга тўғри келади.
Янги МК ФҲШ амалиётини батамом бекор қилинглар демаяпти, фақат ўртадаги чегарани ажратиб олиш энг муҳими ҳисобланади.
Учқудуқ туман адлия бўлими.