14 январь - Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни!
ВАТАН –УЛУҒ, БУРЧ МУҚАДДАС!!
Учқудуқ туманидаги 99818 –сонли ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
“Маънавият маркази” фаоллар залида ўтказилган тантанали байрам тадбирида 99818 – сонли ҳарбий қисм командири подполковник Намоз Исломов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Мудофаа вазирининг байрам табригида қайд этилганидек, халқимиз ўзининг ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.
Шунингдек, байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан миллий армиямизни тубдан такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар энг аввало, ватанимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, осойишталикни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади. Яқинда капитал таъмирдан чиқарилган ҳарбий қисм штаби учун телевизор совғага берилди.
Эътиборлиси, 99818 –сонли ҳарбий қисмда 1 млрд. 300 млн. сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, ҳарбий хизматчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда “Ёшлар хиёбони”, “Маърифат боғи”, музей, кутубхона ташкил этилган. Халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросидан ҳикоя қилувчи Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур синфлари фаолият юритмоқда.
Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси ҳомийлигида ҳарбий қисм спорт зали, маърифат марказида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.
Байрам муносабати билан ташкил этилган “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!” шиори остида ўтказилган маърифий тадбирда ҳарбийлар ўз иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этиб, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Айниқса, “Учқудуқ” жамоаси томонидан саҳналаштирилган ҳазил-мутойибага бой саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
– Дунёда касблар кўп, – дейди ҳарбий қисм командир ўринбосари, подполковник Ғофуржон Уразбаев. – Лекин улар ичида энг улуғи ва шарафлиси бу – Ватанни ҳимоя қиладиган соҳа вакиллари, яъни, ҳарбий хизматчилардир. Туну кун юрт хавфсизлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшиб келишмоқда. Уларга елкадош бўлиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз саналади. Зеро, сарҳадларимиз мустаҳкам, кўнглимиз хотиржам!.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг бир гуруҳига қисм командирининг фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.
“Учқудуқ” маданият уйи бадиий жамоалари ижросида концерт дастури намойиш этилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.