Қиш эшик қоққани сари кўча-кўйда мактаб болалари томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпаяди. Унинг аянчли оқибатлари, болаларимиз соғлиғига таъсири эса барчамизга маълум. Бу ўз навбатида таълим муассасалари ходимларини ҳам сергакликка чорлайди. Сабаби, айнан шу даврда пиротехника воситаларининг божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда қонунга хилоф тарздаги савдоси кучаяди.
Пиротехника воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларни тартибга солиш ҳамда мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, улардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2009 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Шу билан бирга, 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.
Мазкур қонун билан яна бир тартиб жорий қилинди, яъни пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, фойдаланиш, йўқ қилиш ва утилизация қилиш – амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатига киритилди.
Пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу йўналишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаяпти.
Бу борадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда Навоий вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсуми, қолаверса, Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.
Бугун таълим тарбия тизимида фаолият олиб бораётган педагоглар билан бир қаторда ота-оналарнинг ҳам ўқувчилар ва фарзандлари учун тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, тушунтириш ишларини бошлашини, бундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кескин чоралар кўришингизни ҳамда бу борада муаммоли вазиятларни туғдирмаслик учун барча шарт-шароитларни ҳозирдан кўриб боришингиз талаб этилади. Зеро ҳозирдан кўрилган эҳтиёт чоралари, албатта содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсизликларни олдини олиши шубҳасиз.
Учқудуқ туман халқ таълими бўлими мудири
ўринбосари С.Сайфидинов