LOTIN-КИРИЛЛ

ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР.  Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик ва  имтиёзлар жорий этилди

         Хозирга кунда мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Хукуматимиз томонидан бир қатор имтиёз ва енгилликлар бериб келинмоқда.

         Жумладан 2022 йил 26 июлда Ўзбекистон Республикасининг  Қонуни     ЎРҚ-785-сон “Солиқ ва божхона қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида” Қонун қабул қилинди.

         Мамлакатимизни 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида, хусусан солиқ-божхона тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

        Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганлиги солиқ-божхона имтиёзларини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирмоқда.

       Бунда мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари норезидент жисмоний шахслар учун пасайтирилганлиги, шунингдек ота-оналар фарзандларининг таълим олиши учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ва мактабларга ойига тўлайдиган 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар учун солиқ солишдан озод этилиши, шунингдек божхона божлари бўйича имтиёзлар фақат қонунларга асосан берилишига доир ягона тартиб белгиланиши миллий иқтисодиётни жадал ривожлантиришга кўмаклашади.

       Шу билан бирга, хизматлар соҳасини, капитал бозорини, чарм саноати ва тиббиётни ривожлантириш, шунингдек хотин-қизларнинг ишга жойлаштирилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда.

      Ушбу Қонун солиқ-божхона тизимини такомиллаштириш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш орқали аҳолининг даромадларини оширишга хизмат қилади.

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-599-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2021 йил, № 1, 6-модда) 6-моддасининг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:

      «Бунда ушбу солиқ имтиёзлари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан қўлланилмайди».

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 2893-модда биринчи қисмининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

   

5.

Мобиль алоқа хизматлари

10 %

   

»;

2) 317-модданинг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«3) солиқ тўловчининг ушбу Кодекс 376-моддасида назарда тутилган, жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган харажатлари, бундан товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларининг 0,5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда ўз ходимларига ва уларнинг яқин қариндошларига оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирларига бориши учун чипталар харид қилишга доир харажатлар мустасно»;

3) 369-модда:

биринчи қисмининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«9) қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари, шу жумладан талабаларнинг Ўзбекистон Республикаси олий таълим ташкилотлари ҳудудида пулли ўқув курсларини, спорт тўгаракларини ташкил этишдан ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари»;

иккинчи қисми:

12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12) ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг профессионал ва олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағлар»;

қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:

«121) нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг ва мактабларнинг қонунчиликда белгиланган нормалар доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг истеъдодли ва иқтидорли фарзандларини, шунингдек махсус контингентдаги тарбияланувчиларнинг муайян сонини бепул ўқитиш билан боғлиқ харажатлари»;

4) 378-модданинг 16-банди:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар»;

учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

5) 382-модданинг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

3.

Меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлар, 1 ва 2-бандларда кўрсатилмаган бошқа даромадлар

6) 389-модданинг иккинчи қисмидаги «бундан йирик солиқ тўловчилар мустасно» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

7) 412-модда биринчи қисмининг 1-банди:

саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Агар объектнинг 1 кв. метри қиймати ушбу бандда белгиланган энг кам қийматдан паст бўлса, солиқ тўловчи кўчмас мулк объектлари қийматини мустақил баҳолашни амалга оширишга ҳақли. Бунда мустақил баҳолаш натижалари, шу жумладан солиқ тўловчи томонидан ўтган икки йилда ўтказилган мустақил баҳолаш натижалари солиқ базаси сифатида эътироф этилади»;

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ушбу бандда белгиланган энг кам қиймат татбиқ этилмайдиган кўчмас мулк объектлари қонунчиликда белгиланади»;

8) 414-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги 3-банд билан тўлдирилсин:

«3) қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шу жумладан уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар»;

9) 428-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«қишлоқ жойларда жойлашган (бундан шаҳарлар ва туманларнинг марказлари мустасно) антенна-мачта металл конструкциялари, шунингдек уларга ўрнатилган ҳамда уларнинг ажралмас қисми бўлган конструкциялар эгаллаган ер участкалари»;

10) 463-модда иккинчи қисмининг олтинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;

11) 464-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги 4-банд билан тўлдирилсин:

«4) тадбиркорлик субъектлари учун — товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларининг 0,5 фоизидан ошмаган миқдорда ўз ходимларига ва уларнинг яқин қариндошларига оммавий-маданий ҳамда концерт-томоша тадбирларига бориши учун чипталар харид қилишга доир харажатлар суммасига»;

12) 483-модда қуйидаги мазмундаги йигирманчи — ўттиз олтинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

«Чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), автотранспорт воситасида йўловчи ва юк ташиш, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, шунингдек кўнгилочар марказларда хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.

Ушбу модданинг йигирманчи қисмида назарда тутилган имтиёз, агар белгиланган фаолият турларини амалга оширишдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил қилса, тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилади. Ходимлар сонини яшириш фактлари аниқланган тақдирда мазкур имтиёзнинг амал қилиши бекор қилинади.

Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчалари бўйлаб жойлашган, уй-жой учун мўлжалланган кўчмас мулк объектлари ушбу модданинг йигирманчи қисмида белгиланган хизматлар турларини кўрсатиш учун яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк тоифасига ўтказилган тақдирда, 2024 йил 1 январга қадар жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғини ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини уй-жойга мўлжалланган кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.

Маҳаллалараро савдо-хизмат кўрсатиш кўчаларининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Тадбиркорлик субъектлари 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январга қадар бўлган даврда майдони беш минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари), шу жумладан, улар эгаллаган ер участкалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициентни қўллашга. Бунда 2027 йил 1 январга қадар янгидан қурилган ушбу кўчмас мулк объектларига ва ушбу объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан мазкур имтиёз улар фойдаланишга топширилган ойдан эътиборан беш йил мобайнида қўлланилади;

фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш чоғида икки йил давомида мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритишга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида кўрсатилган туманлар ва шаҳарларнинг белгиланган туризм зоналарида рўйхатдан ўтказилган ҳамда мазкур ҳудудларда умумий овқатланиш, меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, кўнгилочар, туроператорлик ва турагент хизматларини кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда:

айланмадан олинадиган солиқни 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди;

ушбу ҳудудларда жойлашган объектларга, шунингдек мазкур объектлар эгаллаган ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ушбу солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдорида тўлайди.

Туманлар ва шаҳарлар туризм зоналари чегаралари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳудудий бош бошқармаларининг хулосаларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан белгиланади.

2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялар бўйича дивидендлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг (акциядорларнинг) акциялари бўйича дивидендлар тарзидаги даромадларига фойда солиғи бўйича 5 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича фоизлар тарзидаги даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳамда фойда солиғидан озод этилади.

Тадбиркорлик субъектларининг миллий мусиқа чолғу асбобларини ишлаб чиқаришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқ 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўланади.

Хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда барча солиқларни (бундан қўшилган қиймат солиғи ва ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этилади.

Ушбу модданинг йигирма тўққизинчи қисмида назарда тутилган имтиёз жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг умумий ҳажмида балиқ етиштириш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 90 фоиздан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади.

Чарм, мўйна хом ашёсини ва жунни тайёрлаш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда ушбу фаолияти бўйича фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.

Ушбу модданинг ўттиз биринчи қисмида белгиланган солиқ имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:

чорва молларни сўйишга ихтисослаштирилган, замонавий автоматлаштирилган комплекслар билан жиҳозланган солиқ тўловчиларга;

ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни йиғиш ҳамда тайёрлаш, уларни қайта ишлаш (фойдаланиш) учун кейинчалик сотиш фаолиятидан олинган даромадининг улуши 80 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга;

ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажмида чарм, мўйна, қоракўл хом ашёсини ва жунни қайта ишлаш, шунингдек бутловчи буюмларни, фурнитура, аксессуарлар, пойабзал қолиплари, пойабзал тагликлари, устки қисмлари, желатин, сунъий чарм, пойабзал, чарм-атторлик, мўйначилик, қоракўл маҳсулотини ва жундан ишланган буюмларни ишлаб чиқаришдан олинган даромадининг улуши 60 фоиздан кам бўлмаган солиқ тўловчиларга.

Чорва молларни сўйиш бўйича замонавий автоматлаштирилган комплексларга эга бўлган, шунингдек терини қайта ишловчи ва чармдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи солиқ тўловчилар юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда озод этилади.

Ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг умумий ҳажми қуйидаги талабларга жавоб берса, солиқ тўловчилар ижтимоий солиқни 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди:

болалар, аёллар ва спорт пойабзалларини, сунъий (эко) чарм, фурнитура, пойабзал қолиплари ҳамда тагликларини реализация қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 60 фоизни ташкил этса;

пойабзалларни, чарм-атторлик маҳсулотларини ва мўйнадан тайёрланган буюмларни экспорт қилишдан олинадиган даромадларининг улуши камида 80 фоизни ташкил этса.

Белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмларини ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлов материалларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларнинг реестрига киритилган ҳудудларда ходимларининг умумий сони 10 нафардан кам бўлмаган ҳамда у ерда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кам бўлмаган кичик тадбиркорлик субъектлари ўзида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан олинадиган ижтимоий солиқни 2022 йил 1 сентябрдан 2025 йил 1 январга қадар бўлган даврда 1 фоиз миқдордаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди».

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ-400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, 1-сонга илова; 2017 йил, № 9, 510-модда; 2018 йил, № 4, 224-модда, № 7, 433-модда, № 10, 670-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 589-модда, № 10, 671-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 10, 593-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 10, 969-модда; 2022 йил, № 2, 75-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин:

1) 289-модданинг тўртинчи қисмидаги «ва солиқларнинг» деган сўзлар чиқариб ташлансин;

2) 297-модда иккинчи қисмининг 8-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Бунда Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтларининг ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар бўйича имтиёзлар қўлланилмайди».

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июлга қадар қабул қилинган ҳужжатларида назарда тутилган божхона божи бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади.

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонун 2-моддаси 12-бандининг йигирманчи — йигирма бешинчи хатбошилари 2023 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 12-бандининг ўттизинчи хатбошиси 2022 йил 1 сентябрдан эътиборан амалга киритилади.

Ушбу Қонун 1-моддасининг ва 3-моддаси 2-бандининг қоидалари тижорат банклари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида 2022 йил 1 майдан кейин янгитдан тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъи назар) асосида сотиб олинадиган товарларга (хизматларга) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 1 ва 7-бандларининг ҳамда 12-банди олтинчи — саккизинчи хатбошиларининг қоидалари 2022 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 4, 8, 9-бандларининг ҳамда 12-бандининг иккинчи, учинчи, тўққизинчи — ўн еттинчи, йигирма олтинчи — йигирма тўққизинчи хатбошиларининг қоидалари 2022 йил 1 апрелдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ушбу Қонун 2-моддаси 5-бандининг қоидалари 2022 йил 1 майдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 Ушбу Қонунни ижросини таъминлаш мақсадида туманимиздаги ахоли ва тадбиркорлик субъектларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.    

Учқудуқ туман ДСИ Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шўьбаси

O'qilgan: 561 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 07 Sep 2022

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: