Ҳар қандай ҳужжат — ижроси билан кучли, ижроси билан фойдали. Буни бежиз таъкидламадик, сабаби ҳаётга татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳам ижроси билан одамлар ҳаётига ўзгача файз олиб киряпти.
Бу борадаги ишларда барча маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан бир қаторда Учқудуқ туман прокуратураси, 2-сектор масъулларининг ҳам алоҳида ҳиссаси бор. Сектор фаоллари дастурларнинг амалга оширилиши билан боғлиқ ишларни назорат қилиш ва уларга кўмаклашишда яхши тажриба тўплаган, десак, муболаға эмас.
Бугунги кунда сектор ҳудудидаги Навоий маҳалласида “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 14-сонли МТТ 6 млрд.489 млн. сўм миқдоридаги маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилаяпти. 7-умумий ўрта таълим мактаби биноси том қисми ва фасад қисмида 315 млн. 800 минг сўм эвазига таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Шунингдек, сектор ҳудудидаги Х.Дўстлиги кўчасидан ўтувчи йўллар 2 млрд. 279 млн. 300 минг сўм маблағ сарфланиб, асфальт қопламаси ётқизилади.
Учқудуқ туман прокурори Р.Н.Рахматов сектор ҳудудида давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг ҳолатини жойида чиқиб ўрганди. Аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли амалга ошириш ва белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш юзасидан вазифалар белгиланди.
Муҳими, қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Навоий маҳалла аҳолиси давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлардан, кейинги йиллардаги туб ўзгаришлардан миннатдор.