Инсон янги ҳаёт остонасига қадам қўйиши нафақат мактабда балки мактабдан кейинги таълимда ҳам ўзига хос ҳаяжон билан кечади. Бугун Учқудуқ саноат техникуми битирувчиларига ҳам “Қайсидир касбнинг эгаси бу“ - деб айтишга сабаб бўладиган диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими С.Ф.Хамроев иштирок этиб, касб-ҳунар сирларини ўрганиб катта ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизларга келгуси фаолиятида омад тилади. 16 та йўналиш бўйича 471 нафар ўқувчи ёшларга топширилган диплом аслида келажакка йўлланма десак муболаға бўлмайди. Тадбир давомида ўқув йилида ўзининг намунали хулқи ва одоби, зеҳни ва салоҳияти билан бошқаларга ўрнак кўрсатган 30 нафар ўқувчилар имтиёзли диплом ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Тадбирнинг бадиий қисмида янграган куй ва қўшиқлар, ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди. Тадбирда ота-оналар, иш берувчи ташкилот ходимлари ва бир қатор меҳмонлар ҳам иштирок этдилар.
Туман хокими таълим муассасасини имтиёзли диплом билан тамомлаган ўқувчиларга ОТМга имтиёз асосида ўтказиладиган суҳбат жараёнларида ўз билимини муносиб намоён этишини ва барча битирувчилар зиммасида таълим олган муассасасининг ғурури борлигини яна бир бор эслатиб ўтди. Йил давомида фаол бўлган устозлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари ташаккурномалар билан тақдирланди. Самимий тилаклар ва улкан ҳаяжон билан ўтган тадбир, битирувчилар қалбида бутун умр муҳрланиб қолгани шубҳасиз.