Бугунги кунда «Солиқчи-кўмакчи» тамойили асосида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2022 йилнинг 6 ойи давомида Учқудуқ туманидаги 604 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ хизмати органлари ходимлари кўмаги билан 219 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ўрганишлар давомида солиқ турлари бўйича 118 та субъектларнинг 609 700 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди. 156 та субъектларнинг 61 600 000 сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси хисобидан бошқа солиқ турлари бўйича қарздорлигига ўтказилиб сингдирилди.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда солиқ тўловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон хизматлар кўрсатиш кўламининг янада кенгайтирилаётгани муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунга қадар туманда «Э-ижара» автоматлаштирилган дастурий маҳсулоти орқали шартномалар рўйхатга олинмоқда.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, солиқ тўловчиларга ҳақиқий маънода кўмакчи, ўргатувчи бўлиш солиқ органларининг бош вазифасига айланмоқда.
Масалан, жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари натижасида 494 та норасмий иш ўринлари қонунийлаштирилди. Муҳими, фуқаролар муқим иш ўринларига эга бўлди.
Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 6 ойи якуни билан туманда 1870 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Энг муҳими, уларнинг 871 нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.