Аҳоли даромадларини ошириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш масалалари Навоий вилояти прокурори Б.Аҳмедовнинг Учқудуқ туманида ташкил этилган оммавий (сайёр) қабулида муҳим аҳамият касб этди.
Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Учқудуқ туман прокурори Р.Рахматов ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мазкур ҳудудга бириктирилган масъул ходимлари, сектор штаби аъзолари, йўл қурилиш, коммунал ва ижтимоий соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган қабул давомида бу ерга ташриф буюрган 22 нафар фуқаролар Навоий вилояти прокурории томонидан қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари тингланди.
Қабул қилинган мурожаатларнинг 10 таси иш билан таъминлаш, 5 таси кредит, 2 таси соғлиқни сақлаш, 1 таси субсидия ажратиш, 1 таси уй-жой сўраб, 1 таси солиқ ва 2 таси бошқа масалаларга тааллуқли бўлиб, мурожаатларнинг 3 таси жойида ҳал этилди, 3 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 16 та мурожаатни ижроси назоратга олинди.
Жумладан, Латифа Отаниёзова онасини ишга жойлаштиришда кўмак сўраб қилган мурожаати ижобий ҳал қилиниб, Шимолий кон бошқармасига ишга жойлаштирилди. Екатерина Баджиева “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси, Маъруз Намозов Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасига ҳайдовчи бўлиб ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, Антон Ташбабаев, Дилшод Хўжаевларнинг иш сўраб қилган мурожаатлари асосида “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” ДМ “Учқудуқ” ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги корхоналарга ишга қабул қилинувчилар рўйхатига киритилди.
Бундан ташқари, Маъруф Холмуродовнинг кредит олишда кўмак сўраб қилган мурожаатига гаров таъминоти суммаси сўралган кредит миқдорига етмаслиги сабабли қўшимча гаров таъминоти тақдим этиш кераклиги тушунтирилди.
Фуқароларимизни ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бўйича олдимизга қўйган вазифаларни изчил амалга ошириш зарурлигидан келиб чиқиб, оммавий (сайёр) қабулда келиб тушган мурожаатларни тўлақонли кўриб чиқиш бўйича Навоий вилояти прокурори томонидан тегишли мансабдор шахсларга зарур топшириқлар берилди, шу жумладан уйма-уй юриб, аниқланган муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш чоралари белгиланиб олинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.