Ота-онаси 18-19 ёшли болани даволанишга олиб келишди. Бош шифокор уларни шахсан ўзи қабул қилиб, “ўта кучли гиёҳвандлик” ташхисини қўйди.
Келган куни кечқурун беморнинг аҳволи ёмонлашди. Бутун вужуди қалтираб, жиннилик даражасида титрарди. Бир қанча ҳамширалар уни қандайдир тарзда ётқизишди. Улардан яна бири тинчлантирувчи дори укол қилди. 10-15 дақиқадан сўнг бола тинчланди ва индамай, кўзини тепага қадаганча ётди.
Бир аёл касалхона деразасидан ташқарига қаради, у кўзларини юммасдан, беморни кузатиб турарди ва унинг кўзларидан ёш оқарди. Бу ночор аёл уйқусиз тунларда тинчлик ва уйқуни билмай, севимли фарзандининг бахтли келажаги умидида бу болани катта қилган - бу унинг онаси эди.
Бечора аёл жон-жаҳдини касалхонада қолдириб, ожиз ва ночор, жимгина уйига қараб кетди.
Ҳовлида ёғоч каровотда ўтириб, ён томондан хотиржам кўринарди. Аслида унинг руҳи бу жойлардан жуда узоқда эди, у шамолдан ҳам тезроқ юқорига учиб, то энг пастга қадар қуларди. Уйга қайтган эр хотинига қаради ундаги тушкунликни саросималикни аритиш мақсадида касалхонада бўлиб, ўғлини кўрганини айтди.
Эрталаб эрини ишга жўнатган онаизор, ишларини бир четга суриб, бахтсиз ва ёлғиз ўзи касалхона томон йўл олди. У деярли бефарқлик билан шифтга қараб чарчаган, синиқ ҳолда ётган бемор ўғлига салом берди. Унинг руҳи "оқ ўлим" чангалида эди. Ўғлининг сўнаётган, умидсиз нигоҳида чидаб бўлмас дард ва соғинч бор эди.
- Равшан, - она ўғлига юзланди, яхшимисан, ўғлим?
Зўрға бош ирғаб, “ҳа” деб жавоб берди.
- Мен сенга овқат олиб келдим, иссиғида овқатланиб ол.
У яна ҳеч нарса демади. Она ҳам нима дейишни билмай қолди.
Бироздан кейин Равшан хўрсинди, нафас олиши тезлашди. Уст-бошини ҳўл қилар даражада пешонасидан тер қуйиларди: “Онам, онажоним!” унинг қўлидан ушлаб, ёрдам сўрай бошлади. У чидай олмай, ўғлига ёрдам бериши керак бўлган шифокорлар умидида нажот излаб касалхона йўлаги бўйлаб югурди.
-Мени қўйиб юбормайди, – оғзидан кўпик чиқариб бақирарди ўғли.
Равшаннинг юзи совуқ рангдан музлаб қолгандек кўм-кўк эди. Кенг пешонада тер билан ёпишган сочлар. Тиззалари ўзини тутолмай титрарди. У яна изтироб ичида қийнала бошлади. Ҳамшира келиб, унга укол қилди. Равшан яна жим қолди. Уни уйқу босиб кета бошлади. Она юраги эзилиб, шифокордан нажот сўрагандай, унга маъюс термулди.
- Касалликни енгиш осон емас, - у она билан суҳбатни бошлади. Бунда эса Равшаннинг ўзи муҳим роль ўйнайди, унинг иродасига боғлиқ. Бугун биз жиддийроқ муолажаларга ўтамиз, - шифокор ҳолдан тойган аёлни қўллаб-қувватлаган бўлди.
Она ўғлига ёрдам бера олмай, уйига қайтди. Остонадан ошиб, эшикни орқасидан ёпганча, деворга суяниб, аввалига жимгина, кейин бор овози билан бақириб йиғлай бошлади ва охири ҳолдан тойиб тинчланди...
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.