Навоий давлат педагогика институтида “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Адлия, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳамкорлигида “Аёлларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг ҳаётига дахлдор бўлган янгиликлар, берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар ҳақидаги маълумотларни етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик, илмий, ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугунги кунда Навоий вилоятида хотин-қизлар сони 518 минг 416 нафарни ташкил этади. Вилоятдаги 10 та нодавлат нотижорат ташкилоти хотин-қизларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича фаолият кўрсатмоқда.
– Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсадларида аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 бараварга камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Илҳом Сатторов. – Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини ошириш, турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, “Аёллар дафтари” билан манзилли ишлаш кўзда тутилган.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш сиёсатини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.
Давра суҳбатида “Тўмарис” ҳамда “Согдиана” нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг яхши лойиҳалари тақдимотини ўтказди.
13-17 июнь кунлари бўлиб ўтадиган “Фаол фуқаролар ҳафталиги” доирасида форум, давра суҳбати, мунозара, теле-муҳокама, тренинг, марафон, жамоатчилик муҳокамаси форматидаги ўнга яқин тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, илк бор Экофорум ташкил этилиши кутилмоқда
Абдували Бўриев, ЎзА