Йигирма етти йил тарих учун қисқа, лекин инсон ёки корхона ҳаётида навқирон, айнан кучга тўлиб, муваффақиятларни қўлга киритишни бошлаган даврини англатади.
Шимолий кон бошқармасига қарашли 3 - сонли Гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилганига 27 йил тўлди. Заводнинг шонли солномаси мустақилликнинг илк давридан бошланади. 1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3-сонли Гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди. Ана шу кундан бошлаб Учқудуқ олтини давлатимиз хазинасига етказилиб берилаётир.
Завод жамоаси ўтган даврда шарафли йўлни босиб ўтди. 2005 йилда “Кокпатас”, “Даугизтау” конларидан қазиб олинаётган сульфидли маъданни қайта ишлашга мўлжалланган мажмуа қурилиши бошланди. BIOX деб номланган янги мажмуанинг биринчи навбати 2008 йилда, иккинчи навбати 2012 йилда ишга туширилиши билан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 34 фоизга ошди.
2012 йилда сорбцион технологиясида сорбентнинг янги тури – фаоллаштирилган кўмирга ўтиш ишлари амалга оширилди. Қисқа муддатда кўмирни десорбциялаш, электролизлаш ва реактивизация қилиш бўлинмаси қурилди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда юз бераётган ислоҳотлар янги сифат босқичига кўтарилганлигини завод ҳаётидаги туб бурилишларда ҳам яққол кўриш мумкин.
Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан Навоий кон-металлургия комбинатида 2017-2026 йилларда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3 - сонли Гидрометаллургия заводида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. “O'zgeorangmetliti” институти ҳамда Германиянинг “Injiniring Dobersek” компанияси ҳамкорлигида “Кокпатас” ва “Даугизтау” олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқилди. 2019 йилда 114 миллион Евро миқдоридаги маблағ эвазига бунёд этилган юқори технологик мажмуа – фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи фойдаланишга топширилди. Мажмуани лойиҳалаштириш ва қурилиш ишларида иштирок этган комбинатимиз муҳандис-технологлари, олимлари кон-металлургия саноатида катта ўзгаришларни бошлаб беришди.
Юқори технологик ечимларга эга ушбу мажмуа заводнинг олтинга бой маъданларни қайта ишлаш имкониятини оширди. Янги лойиҳа амалга ошиши эвазига қўшимча 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бугун заводда дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги ўз исботини топаяпти.
Келажакда заводнинг ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ҳар бир цехни сўнгги технологиялар билан қайта жиҳозлаш вазифаси доимо устуворлик касб этаётир. Флотация цехининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида флотация занжирларининг биринчи ва иккинчи сонли назорат қилиш блокларидаги “RCS” аэроционли, яъни ҳаво тақсимлагич мажмуалари замонавий “RIF” мажмуасига алмаштирилди. Пировардида занжирлардаги флотацион қурилмалар илк бор сўнгги авлод технологиялари асосида қайта тикланди.
Биооксидлаш жараёнида бўтана кўпикларининг реакторлардан тошиши муаммо бўлиб келаётган эди. 3 - сонли Гидрометаллургия заводи муҳандисларининг жиддий изланишлари самараси ўлароқ, сўндириш тизими ишлаб чиқилиб, муаммога чек қуйилди. Сорбция жараёнида суюқликдан олтинни ажратиб олиш схемаси такомиллаштирилди ва кенгайтирилди. Ишлаб чиқаришда қайта ишланган флотация чиқиндиларини қуюқлаштириш жараёни такомиллаштирилди.
2019-2020 йилларда майдалаш схемаси ўзгартирилиб цикллараро флотация чиқиндилари учун гидроциклон қурилмалари монтаж қилинган. Бундан ташқари, иккинчи босқич майдалаш жараёнининг 10 Гр-8Л насослари ишлаб чиқариш қуввати каттароқ бўлган 10 Гр-7Т насосларига алмаштирилди.
Буларнинг ҳаммаси майдалаш цехининг кунлик ишлаб чиқариш қувватини 21-22 минг тоннагача оширишга имкон берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилдаги Навоий кон-металлургия комбинатида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастури, шунингдек 2015-2019 йилларда тузилмавий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастурига мувофиқ, Кокпатас ва Даугизтау конларининг сульфидли маъданларидан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосида 3-сонли Гидрометаллургия заводида янги комплекс қурилиш ишлари бошланди. Бу патентланган технологияни саноат ишлаб чиқарилишига жорий этиш имконини берди.
Ушбу инвестицион лойиҳанинг мақсади – олтин ишлаб чиқариш заводлари чиқиндиларини янги технология асосида қайта ишлаб, қўшимча маҳсулот олишдир. Лойиҳанинг аҳамияти юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларига эришиш яъни, энерго-ресурсларнинг тежамкорлиги, экология талабларига жавоб берадиган замонавий чиқинди газларни тозалаш тизими, мукаммал автоматлаштирилган бошқариш тизими, таннархи арзон тайёр маҳсулот олишдан иборат.
Янги мажмуанинг ишга туширилиши – хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини 18 фоизга, ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни эса 17 фоизга оширди.
2021 йилда заводнинг технологик жараёнларида бир неча ўзгаришлар олиб борилди. Жумладан, флотация чиқиндилари ва нейтралланган маҳсулотларнинг қуюлтириш жараёнларида ўзгаришлар натижасида, чиқиндига кетадиган сувларнинг бир қисмини технологияга қайтаришга эришилди. Бунинг натижасида 2021 йилда 1,5 млн. м. куб сув тежалди.
Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехида куйдирилган маҳсулотни кислота билан ишлов бериш схемаси ишга туширилди. Бу эса сорбциялаш жараёнида куйдирилган маҳсулотдан олтинни ажратиб олиш даражасини 3% га оширишга имкон берди.
Кўриб турганингиздек, заводнинг технологик жараёнини такомиллаштириш, Кокпатас ва Даугизтау конларида олтингугуртли маъданларни жалб қилиш, технологик ускуналарни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича жиддий чоралар кўрилмоқда.
Заводнинг ривожланиши ҳеч қачон тўхтамаган. Янги технологиялар доимий равишда ишлаб чиқилмоқда ва жорий қилинмоқда. Бу эса маъданни қайта ишлаш ҳажмини, олтинни ажратиб олиш даражасини ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш кўрсаткичларини йилдан-йилга оширишга замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Янгидан қайта ишлаш қувватларининг мунтазам ишга туширилиши ва технологияни такомиллаштириш бўйича доимий иш олиб борилиши бугунги кунда маъданни қайта ишлаш заводининг йиллик унумдорлигини 6 баробарга, олтинни ишлаб чиқариш ҳажмини эса 4,6 баробарга оширишга сабаб бўлди.
Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтира бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан завод ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига алоҳида кўрк бағишлаб турибди. Корхона ҳудудида 500 ўринли ошхона фойдаланишга топширилган. Бу ерда иккита овқатланиш зали ва хизмат хоналари мавжуд. Объект қурилиши ва жиҳозлантирилишига 6,5 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Заводда ишчи-ходимларга қулайликлар яратиш давом эттирилиб, бунёд этилган муҳташам атриумда уларнинг ҳордиқ чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Катта-кичик фавворалар, жонли табиат бурчаклари ишчи-ходимларнинг унумли меҳнатдан кейин ҳордиқ олишларига хизмат қилади. Яна бир қулайлик, атриумга LED экран ўрнатилган бўлиб, цех ва бўлинмалардаги иш жараёнидан ҳикоя қилувчи лавҳалар намойиш этиб борилади.
3авод мутахассислари, оддий касб эгалари орасида шундай инсонлар борки, улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан жамоанинг фахрига айланишган. Майдалаш цехи бошлиғи Бекзод Хусанов, ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Сухроб Кузиев, бош механик Зоҳиддин Ғаниев, биооксидлаш цехи бошлиғи Бобур Эшпўлатов, бош муҳандиснинг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Шахобиддин Аҳмедовлар шулар сирасидан.
Фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехи пульт бошқаруви оператори Муҳиддин Саидовнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлат мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани, барча ходимлар меҳнатига берилган эътироф дейиш мумкин. Шунингдек, йирик майдалаш цехи конвейер машинисти Байназар Куанбаев, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Наурызжан Жорабеков, майдалаш цехи тегирмон машинисти Шерали Ҳақназаров, майдалаш цехи электргазпайвандловчиси Шамсиддин Мухаммедовлар “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонининг тўла кавалерларидир.
Автотрактор техникасини ишлатиш ва таъмирлаш участкаси бошлиғи Алмас Пирмаханов, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулотлар цехи бошлиғи Бахтиёр Қандахаров, технологик жиҳозларни таъмирлаш участкаси бошлиғи Жаббор Хўжақулов, юк кўтариш механизмларига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш участкаси кран-машинисти Ильина Анжелика, меҳнатни ташкил этиш ва иш ҳақи бўлими муҳандиси Зулфия Носкова, қуйилтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентларни тайёрлаш цехи реагентларни дозаловчи Элмурод Шарипов, кимёвий ҳимоя ишлари ва ишлаб чиқаришни тайёрлаш участкаси бошлиғи Нағашибек Қуттимуратов, майдалаш цехи чилангар-таъмирловчиси Азамат Ёдгоров, майдон ичкариси муҳандислик тармоқлари участкаси бошлиғи Асқад Жўраевлар “НКМК фахрийси” шарафли номига сазовор бўлишган.
Аҳил жамоанинг фидокорона меҳнати эвазига заводда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Эътиборли жиҳат, бу йил ҳам корхона ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари завод ишга туширилганлигининг шонли санасини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олмоқдалар. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми жорий йилнинг беш ойида қуйидагича бўлган, маъданни қайта ишлаш режаси 100,9 % га, ярим тайёр маҳсулотни ажратиб олиш даражаси 100,1 % га ва ярим тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш режаси 101,8 % га бажарилган.
Мухтасар айтганда, корхонанинг 27 йиллиги келгусида янги, юксалиш даврини бошлаб беради.
Қадрли ҳамкасблар! Барчаларингизни заводимизнинг муборак 27 йиллик шодиёнаси билан қизғин муборакбод этаман. Оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонларингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар камолини кўриш бахти насиб этишини тилайман. Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Келгусида ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз, ҳамжиҳатлигимиз билан юксак довонларни ҳам забт этишимизга ишончим комил!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз олтин корхонанинг олтин одамлари!
Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,
3-сонли гидрометаллургия заводи директори.