Ассалому алайкум ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!
Азиз ўқувчи-ёшлар!
Барчамизга маълумки, ҳурматли Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялаш йўлида мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бундай эътибор ва рағбатга жавобан бугун Сиз ёшларнинг етакчи куч бўлиб ҳаётга кириб келаётганингиз, ўз билим ва салоҳиятингиз, иқтидорингиз билан юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда таянч ва суянч бўлаётганингиз ҳамиша бизга ғурур ва ифтихор бағишламоқда.
Ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёшларга таълим ва тарбия беришда, Сиз азиз устозларнинг, ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳиссаси катта, албатта.
Мана яна бир ўқув йили ортда қолди. Бугун ортда қолган 2021-2022 ўқув йили тарихига назар ташлайдиган бўлсак, туманимиз умумий ўрта таълим мактабларида бир қанча ютуқлар қўлга киритилганлигига гувоҳ бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги «Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари рейтингини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 345-сонли қарорига асосан белгиланган индекаторлар бўйича республикадаги умумтаълим мактаблари миллий рейтинги ишлаб чиқилган. Унга кўра, ҳар йили Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан умумтаълим мактаблари миллий рейтинги эълон қилинади. Ушбу рейтинг натижаларига кўра Навоий вилояти республикада 1-ўринда қайд этилган бўлса, Учқудуқ тумани ҳудудлар бўйича – 5-ўринда, Учқудуқ туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби республикада 5-ўринни, вилоятда 2-ўринни эгаллади.
Битирувчиларнинг олий таълимга ўқишга кириши бўйича вилоятда Учқудуқ тумани 2-ўринни, битирувчиларнинг олий таълимга кириш имтиҳонларида ўртача тўплаган баллари бўйича Учқудуқ тумани 6-ўринни, чет тиллари сертификатига эга бўлган ўқитувчилар салмоғи бўйича Учқудуқ тумани
1-ўринни банд этган.
Шунингдек, 444 нафар битирувчининг 267 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган бўлиб, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 60 фоизни ташкил қилади.
Жумладан бу кўрсаткич 2, 6, 8, 11, 14- сонли умумий ўрта таълим мактабларида 100 фоиз, 4-сонли мактабда эса – 80 фоизни ташкил этган.
Давлат тест маркази имтиҳонларидан ўтиб талабаликка тавсия этилган битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган баллари бўйича ўртача кўрсаткич таҳлил қилинди. Яъни битирувчиларнинг кириш имтиҳонларидаги ўртача баллари бўйича энг яхши натижалар 10 - мактабда - 98 балл, 15-мактабда - 95 балл, 20 – мактабда - 94 балл, 3 – мактабда – 92,5 балл, 18 – мактабда - 89 балл, 7 – мактабда - 88 баллни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жихатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий ўқув йилида биринчи маротаба ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичида 20 - сонли мактаб жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритди. 250 млн. сўм пул маблағи билан мукофотланган ушбу жамоага келгусида мактабда хорижий тилларни ўқитишни янги сифат босқичига олиб чиқиш ҳамда таълим муассасаси моддий-техник базасини яхшилаш имкониятини тақдим этди.
Жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонларига мувофиқ 3-сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим фани ўқитувчилари Лагутина Олга Владимировна “Меҳнат шуҳрати” ордени, Корниенко Валентина Владимировна “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан, 20-умумий ўрта таълим мактаби директори Рўзиева Насиба Жумаевна «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирландилар.
Шунингдек. жорий ўқув йилида туман халқ таълими тизимидаги 6 нафар педагог “Халқ таълими аълочиси”, 1 нафар педагог “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Замонавий мактаб"ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорига мувофиқ туманимиздаги 18-умумий ўрта таълим мактаби 2-даражали "Замонавий мактаб" мақомига эга бўлди.
Ёшларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари учун улар таълим ва тарбия топаётган билим даргоҳларида етарлича шарт-шароитлар яратиш энг муҳим вазифаларимиздан биридир. Инвестиция дастури асосида 10-умумий ўрта таълим мактаби мукаммал таъмирдан чиқарилиб, қўшимча 360 ўринли янги ўқув биноси қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида “Кокаяз” ОФЙ даги 14-умумий ўрта таълим мактаби ва “Узунқудуқ” ОФЙ даги Бузаубай овулида жойлашган 15-умумий ўрта таълим мактаби бинолари мукаммал таъмирланди.
Жорий йилда 3-сонли мактаб биноси давлат дастури доирасида мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши белгиланган. Бундан ташқари туман маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари моддий-техник базасини янада яхшилаш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ўқув йили давомида жами 656 млн. сўм, очиқ бюджет портали орқали 950 млн. сўм, бино ва иншоотларини соз ҳолатда сақлаш мақсадларига 300 млн. сўм маблағ йўналтирилиб, таълим муассасаларида қурилиш таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Қадрли тадбир иштирокчилари!
Бугун дунё тамаддуни шундай босқичга келдики, замонавий билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёшларсиз кўзланган маррага эришиб бўлмаслиги аён бўлиб қолмоқда.
Бу борада Учқудуқ туманида ҳам ўқувчи ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг иқтидорини эрта аниқлаш, салоҳиятларини янада юксалтириш кун тартибидаги муҳим масалага айланган десак, тўғри бўлади. Бунинг натижаси ўлароқ, жорий ўқув йилида 14 та мактабни 289 нафар битирувчи тугатаётган бўлса, ҳозирданоқ уларнинг 7 нафари муддатидан олдин талаба бўлишди.
3-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари Артур Аржанов, Адил Насиров, Мардонали Рахматовлар Россиянинг Синегерия университети, 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқучилари Улуғбек Эсонбоев British Management университети, Аббос Эргашов эса бир йўла 20 дан ортиқ Америка университетларига ҳужжат топшириб талаба бўлдилар.
Шунингдек, 7-умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси Умида Абдуллаева Тошкент амалий фанлар университетининг иқтисод йўналишига, 10 – умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Диёр Ҳайдаров CAMBRIDGE IU, WESTMINSTER сингари ўндан ортиқ нуфузли университетларга имтиҳон топшириб, ижобий хулоса олишган.
Мустақил ҳаётга қадам қўяётган муддатидан олдин талабалик бахтига муяссар бўлган ушбу битирувчиларимизга ўқиш ва ишларида омадлар тилаймиз!
Шу ўринда эртадан бошланадиган фан олимпиадасининг Республикаси босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қиладиган: 3-мактаб ўқувчиси Дилноза Саидмуродова, 10-мактаб ўқувчиси Нодир Саидалиев, 9-мактаб ўқувчиси Ботакўз Нуримханова, 10-мактаб ўқувчиси Муқаддас Омоноваларга омад тилайман!
Ўтган йилнинг сўнгида ҳурматли Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида «Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган ғояни илгари сургани бежиз эмас. Зотан, Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз».
Сиз азиз ёшлар ҳамиша Юртбошимизга, ота-онангизга, устозларингизга муносиб ворис бўлиб, билдирилган юксак ишончни оқлашингиз ҳам қарз, ҳам фарздир.
Биз сиз учун барча имкониятларни яратиб берамиз!
Сиз эса ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини қуришда ўз келажагингизни танланг!
Азиз ёшлар! Биз Сиздан ҳамиша улкан муваффақиятлар кутиб қоламиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!