Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган учқудуқлик билимли, иқтидорли ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари билан учрашуви ўтказилди.
Дилноза Саидмуродова 3-мактаб ўқувчиси, рус тили ва адабиёт фанидан, Муқаддас Омонова 10-мактаб ўқувчиси, тарих фанидан, Нодир Саидалиев 10-мактаб ўқувчиси, тарих фанидан, Ботакоз Нуримханова 9-мактаб ўқувчиси қозоқ тили ва адабиёти фанидан республика олимпиадасида иштирок этишади.
Туман раҳбари иштирок этаётган ўқувчиларга синовлардан муваффақиятли ўтишларида омад тилаган ҳолда, ёшларимизнинг иқтидорини кашф этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қолаверса, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 май куни имзоланган “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ёшларимизнинг ўз иқтидорларини рўёбга чиқаришида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, қолаверса, мазкур ҳужжатга асосан иқтидорли ёшлар ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш масалалари ҳам такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Дарвоқе, фан олимпиадасининг Республика босқичи 18 та фан бўйича ўтказилмоқда ва мазкур фанларнинг ҳар биридан 3 нафардан ғолиб ўқувчилар аниқланади ҳамда уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарорига мувофиқ тегишли фан йўналишида олий ўқув юртига киришда имтёзлар берилади.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.