«Яшил» иқтисодиёт деганда экологик хавф-хатарларни камайтириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан барқарор ривожланишга қаратилган иқтисодиёт тушунилади. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Яшил» иқтисодиётнинг глобал кўрсаткичларини таҳлил қилди.
Инсоният келгуси ўн йилликда иқлим ўзгариши, табиий ресурслар тақчиллиги, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиши, ижтимоий тенгсизликнинг ошиб кетиши каби жуда долзарб муаммоларга дуч келишни бошлади.
Ушбу тизимли глобал инқирозларнинг барчаси ўзаро боғлиқлиги уларни алоҳида-алоҳида ҳал этиб бўлмаслиги, шунингдек, анъанавий иқтисодий ёндашув ушбу муаммоларнинг ечимига қаратилган ҳам экологик, ҳам ижтимоий мақсадларнинг мувозанатини таъминлай олмаслиги таъкидланади.
Анъанавий иқтисодий ёндашув ортиқча истеъмол қўллаб-қувватланиши, ижтимоий қамров сустлашиши ҳамда табиий ресурсларнинг кескин камайишига олиб келса, «яшил» иқтисодий ёндашув буларни барчасини рад этиб, ижтимоий фаровонликни ҳамда экологик барқарорлик мувозанатини таъминлаш учун хизмат қилади.
Охирги ўн йилликда деярли барча мамлакатларда табиий ресурслардан фойдаланишнинг ҳамда атроф-муҳитга салбий таъсирни оширмасдан иқтисодий фаровонликни таъминлашга қаратилган шундай «яшил» иқтисодиётга урғу бериш тенденцияси кузатилмоқда.
«Яшил» иқтисодиёт концепцияси кўпгина мамлакатлар учун стратегик устувор вазифа сифатида юзага чиқмоқда. «Яшил» иқтисодиёт қайта тикланувчи энергия, яшил бино-иншоотлар, барқарор транспорт, сув ва ер ресурслари ҳамда қаттиқ маиший чиқинди бошқаруви каби секторлардан иборатдир.
Халқаро ташкилотлар томонидан дунёда ва алоҳида мамлакатларда «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш ва «яшил» ўсишга ўтиш ҳолатини баҳолаш имконини берувчи турли кўрсаткичлар тўпламлари ишлаб чиқилган бўлиб, амалиётда қўлланиб келинмоқда.
Хусусан, бугунги кунда дунё бўйича «яшил» иқтисодиёт самарадорлигини баҳолайдиган Глобал «яшил» иқтисодиёт индекси (Global Green Economy Index – GGEI) ҳамда «Яшил» ўсиш индекси (Green Growth Index – GGI) каби халқаро рейтинг кўрсаткичлари кенг қўлланилмоқда.
GGEI рейтинг кўрсаткичи 2010 йилдан бошлаб эълон қилина бошланган бўлса, охирги марта 2018 йилда жами 130 та мамлакатлар бўйича баҳолаш натижалари тақдим қилинган.
Мазкур индексда бошқарув ва иқлим ўзгариши (leadership & climate change); самарадорлик секторлари (efficiency sectors); бозор ва инвестициялар (market & investment); атроф-муҳит (environment) каби 4 та ўлчов категориялари бўйича баҳоланади.
Кейинги кенг қўлланилиб келинаётган кўрсаткич «Яшил» ўсиш индекси (GGI) ҳисобланади. Ушбу индекс барқарор ривожланиш мақсадлари (Sustainable Development Goals), Париж иқлим битими мажбуриятлари, Аичи биохилма-хиллик мақсадлари (Aichi Biodiversity Targets), шунингдек, ресурслардан самарали ва барқарор фойдаланиш, табиат мулкларини ҳимоялаш, «яшил» иқтисодий имкониятлар, ижтимоий қамров каби «яшил» ўсиш йўналишлари бўйича мамлакатлардаги ҳолатни баҳолайди.
«Яшил» ўсиш индекси 4 та мақсадли йўналиш, 16 та категориялар ҳамда 36 та индикаторлардан иборат бўлиб, доимий тарзда ҳамда барча давлатларни қамраган ҳолда юритиб келинади.
«Яшил» ўсиш индексига кўра, Швеция, Дания, Чехия ва Германия каби мамлакатлар энг юқори «яшил» ўсиш кўрсаткичларига эга. Энг қуйида эса Зимбабве, Жазоир, Нигерия ва Нигер каби Африка мамлакатлари ўрин эгаллаган. МДҲ давлатлари ичида Грузия, Марказий Осиё минтақасида Қирғизистон мазкур рейтинг бўйича юқори ўриндаги кўрсаткичларни қайд этган.
Ўзбекистон Осиё давлатлари ичида 33-ўринда қайд этилган. Мамлакатнинг мазкур индексда «Ижтимоий қамров» (Social inclusion) ҳамда «Табиий капитал ҳимояси» (Natural capital protection) кўрсаткичлари нисбатан яхшироқ бўлса, «Ресурслардан самарали ва барқарор фойдаланиш» (Efficient and sustainable resource use), «Яшил» иқтисодий имкониятлар (Green economic opportunities) йўналишдаги кўрсаткичларни янада яхшилаш имконияти мавжуд.
Президентнинг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан 2019–2030 йилларда Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётни илгари суриш ва жорий этиш бўйича ваколатли орган сифатида эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги белгиланган.
Ушбу стратегияда юқорида кўрсатилган «яшил» ўсиш индекси бўйича мамлакатимизнинг паст кўрсаткичларини яхшилашга қаратилган қуйидаги устувор йўналишлардаги ишларни амалга ошириш белгиланган:
иқтисодиётнинг базавий тармоқлари энергия самарадорлигини ошириш;
энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш;
иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш;
«яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш.
Мазкур стратегия доирасида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар натижаси ўлароқ, «Яшил» ўсиш индексидаги мамлакатнинг ўрни сезиларли яхшиланиши ҳамда глобал «яшил» экотизимни асраб-авайлашда унинг муносиб ҳисса қўшиши таъминланади.