Ассалому алайкум, ҳурматли учқудуқликлар!
Бугун юртимизни, жонажон ватанимизни, яшаб турган масканимизни тоза, озода, кўркам ҳудудга айлантиришда ҳар биримиз масъул эканлигимизни англаган ҳолда Сиз ҳурматли Учқудуқ тумани аҳолисига мурожаат билан чиқмоқдаман.
Хабарингиз бор куни-кеча ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида аҳоли яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, ободонлаштириш, кўкаламзорлашти-риш ва она табиатни асраш учун кўчат экиб, боғ яратиш, ҳавомиз мусаффолигини сақлаш борасида дарахт экиш умуммиллий акцияси эълон қилинди.
Умуман, 1 мартдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланади. Жумладан, бу каби умуммиллий тадбирни Учқудуқ туманида ҳам уюшқоқлик билан амалга ошириш борасида бошқарма ва ташкилотлар кесимида дастур ишлаб чиқилган.
Унга кўра, 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумларида 1521 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган. Шундан 2021 йил ноябрь декабрь ойларида туманимизда 570 минг дона дарахт кўчатлари ва қаламчалари экилган бўлса, 2022 йил 1 мартдан бошлаб, баҳор мавсумида 951 минг дона манзарали, мевали дарахт ва буталар кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган.
Шу билан бир қаторда тумандаги “Навоий” МФЙ ҳудудидан 1 гектар, “Айтим” МФЙ ҳудудидан 1 гектар бўш турган ер майдонларидан “Яшил майдон” ҳамда “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги “Ёшлар” истироҳат боғидан 3,8 гектар, ва “Хотира боғи” ҳудудидан 2,4 гектар жами 6,2 гектар ер майдонларидан “Жамоат парк”лари ташкил этилади.
Дастурлар, чора-тадбирлар албатта қоғозда жуда ҳам чиройли, салмоқли. Лекин уни амалга оширишда масъуллар ва ҳар бир туманимиз фуқароси фидойилик, ватанпарварлик, шижоат, ўз туманига, яшаётган маҳалласига меҳр-муҳаббат туйғуси билан амалга ошириш даркор.
Шу билан бирга аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини асраш, дарахт экиб, боғ яратиш она табиатга меҳр-муҳаббат, уни асрашга дахлдорлик ҳисси ҳар биримизда бўлиши жуда муҳим.
Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Шу юрт, шу тупроқ биз учун муқаддас экан, уни тоза-озода сақлашга ҳар биримиз жонбозлик кўрсатайлик!
Азиз ва мўътабар оқсоқоллар!
Сиз ҳар бир ишда ёшлар учун ибрат намунаси бўлиб келгансизлар. Бугун ҳам мамлакат бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида ўзингизнинг доно маслаҳатингиз билан аҳолини айниқса, ёшларни яратувчанлик ғояларига ундашда жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман!
Бундан ташқари, аёвсиз табиат, сувнинг тақчиллиги мавжуд дарахт ва буталарнинг йилдан-йилга қуриб, камайиб боришига олиб келмоқда. Шундай экан, экилган ҳар бир ниҳолни асраб-авайлаб, униб-ўсишида ўзингизнинг саъй-ҳаракатингиз билан ёшларга шахсий намуна бўласизлар!
Албатта, бугун экилган бир дона ниҳол эрта катта дарахтга айлангач, унинг соясидан набираларингиз баҳраманд бўлади, уларнинг олаётган нафаси мусаффолиги таъминланади.
Шу боис ҳам яхши ниятлар билан бошланган бу эзгу ишда Сиз азиз нуронийлар ҳам фаол иштирок этинг, чунки ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади.
Қадрли ёшлар!
Бугун сизнинг замонавий билимларни эгаллаб, етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишингиз учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилган.
Ўз навбатида Сиз ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган эзгу ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Шуни унутмайликки, осуда ва фаровон турмуш тарзини четдан келиб бизга ҳеч ким яратиб бермайди. Уни ўзимиз, ўз меҳнатимиз натижасида бунёд этсак, унинг самараси янада тотли бўлади.
Бугун Учқудуқ тумани аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилади. Тасаввур қилинг, ҳар бир учқудуқлик ёшр камида 5 тадан кўчат экса, бу ташаббус 2–3 йилдан сўнг туманимиз яшиллигига, экологиясига қанчалик ижобий таъсир кўрсатади.
Бугун Учқудуқдаги дарахтларнинг аксариятини Сизларнинг ота – боболарингиз парваришлаган. Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир ёшга – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Ҳурматли уй бекалари, азиз опа-сингиллар!
Мазкур акция ҳар биримиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Чунки халқимизнинг яхши ниятлари билан бошлаган бу савобли ишлари эртанги куни ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлашда, табиатни асраш ва экологик ҳолатни яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.
Афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчи опа-сингилларимиз ободончиликка, тозаликка, кўкаламзорлаштириш ишларига эътиборсизлик билан қараб, “Ватан остонадан бошланади”, “Менинг маҳаллам – менинг уйим”, “Маҳалла – Ватаннинг бир бўлаги!” каби минг йиллик тушунчаларни унутиб қўймоқдалар.
Ҳафта ёки бир ойда бир маротаба бўлса ҳам – ота-боболаримиздан қолган удум, анъана – кўчат қадаш, ҳашарлар уюштириш каби эзгу ишлар бир оз оқсаётгандек.
Ўз навбатида Сизни ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус - “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этишга чақираман!
Сиз ҳам яшил челленжга қўшилинг ва хайрли ишга ўз ҳиссангизни қўшинг! “Ҳар бир фуқарога – 5 дарахт!” акциясида фаол иштирок этинг.
Бугунги ҳаракатимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!
Азиз учқудуқликлар!
Сиз доим илғорлар қаторида бўлгансиз. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати Учқудуқ учун энг муҳим ва зарур бўлган тадбир, десак янаям тўғри бўлади. Негаки, Учқудуқ тумани Қизилқум чўлида жойлашганлиги сабабли минтақа иқлими кескин континентал, ёзи узоқ давом этади. Бундай об-ҳаво шароитида - яшил майдонларни кенгайтириш экологик муаммоларни бартараф этишнинг ягона йўли сифатида қарашимиз лозим бўлади.
Ўйлайманки, Она табиатимизни асраш, авайлаш ва уни авлодларга соф ҳолда етказиш учун масъул эканлигимизни теран англаган ҳолда ҳар бирингиз кўчат экиш акциясида, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасида ўз ниҳолингизни қадаб, фаол иштирок этасиз!
Шу билан бир қаторда экилган кўчат ва ниҳолларни униб ўсишида ўз ҳиссангизни қўшасиз!.
Бунга ишонаман азиз учқудуқликлар!