Геотехнология кони мисолида
1958 йилда ташкил этилган комбинатнинг асосий вазифаси уран ишлаб чиқариш эди. 1962 йилда мутахассислар томонидан “Учқудуқ” конида ер остида танлаб эритмага ўтказиш усулини қўлланиш илгари сурилди. Бунга дренаж қудуқларида ва тоғ лаҳмларидаги сувларнинг уран билан тўйинганлиги туртки бўлди.
Бу ерда табиий ҳолда ётган уран маъданларини ер остида танлаб эритмага ўтказиш усули устида ҳамда “Учқудуқ” фойдали қазилма конида уран маъдан таналарини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар ўтказиш учун махсус гуруҳлар тузилди. Натижада уранни ер остида эритмага ўтказиб қазиб олиш усули Ўзбекистонда биринчи бўлиб, бундан ярим аср муқаддам, бошқармага қарашли Геотехнологик конда бошланган эди.
Бугунги кунда илмий-техникавий тараққиёт, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш дастурлари эвазига уран қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича технологик жараёнларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, модернизация қилиш ва автоматлаштириш бўйича техник чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу эса, ўз ўрнида ишлаб чиқариш ва унинг таннархини пасайтириш бўйича ҳамда, ишлаб чиқариш режасининг бажарилишини таъминлашда муҳим рол ўйнади.
Кон жамоасининг пухта, мувофиқлаштирилган ишлари ва бирлашуви, мамлакат томонидан қабул қилинган ижтимоий-иқтисодий дастури туфайли, Шимолий кон бошқармасининг геотехнологик кони саккиз йилдан буён режали кўрсаткичларни муддатидан олдин бажариб келмоқда. Шу билан бирга, уран ишлаб чиқаришнинг йиллик ўсиши ўртача 3-5 фоизга етган.
Уран асосан Учқудуқ, Мейлисой, Киндиктепа конларидан қазиб олинаётган бўлсада, бошқа майдонларни ўзлаштиришга ҳам етарли эътибор берилаётганлиги туфайли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режаси ошириб бажарилмоқда.
Ўзбекистон бугун дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллаётгани бу - олис Учқудуқ кончиларининг ҳам заҳматли меҳнати маҳсулидир. Корхонада табиий уранни гидрометаллургик жиҳатдан концентратлаш билан шуғулланадиган маҳсулдор қоришмани қайта ишлаш участкаси томонидан амалга ошираётган ишлар мақтовга лойиқ. Илмий-техник тараққиётни ҳисобга олган ҳолда участкада уранни қайта ишлаш бўйича технологик жараёнларни такомиллаштириш, модернизациялаш ва автоматлаштириш юзасидан қатор тадбирлар амалга оширилганлиги режа бажарилишини таъминлаш, маҳсулот таннархини арзонлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кончилик ишларида уюм-уюм тупроқ ва тоғ-кон чиқиндилари ҳосил бўлиши табиий ҳол. Учқудуқ томонларга борган киши шаҳар остонасидаёқ бунга амин бўлади. Комбинат ва Шимолий кон бошқармаси мутахассисларининг саноат чиқиндиларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш мақсадида олиб борган изланишлари ўз самарасини бермоқда.
2016 йил Навоий кон-металлургия комбинати бир гуруҳ олим ва мутахассисларининг “Радиоактив кон ағдармаларни рекультивация қилиш усуллари” ихтирочилик ишига патент олинди. Натижада, ҳудуддаги Геотехнологик конда таркибида уран металли мавжуд чиқиндиларни рекультивация қилиш участкаси ташкил этилди.
Ҳар куни 600-800 тонна ағдармани қайта ишлаш қувватига эга бу участкада 44 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Эндиликда чиқиндилардан маҳсулот олиш билан бирга улар эгаллаб турган майдон рекультивация қилиниб, фойдаланишга мақбуллиги таъминланмоқда.
Ҳозирда асосан Учқудуқ туманининг Мейлисой кенглигида жойлашган уран конларида амалга оширилган тадқиқотлар коннинг ҳажмини, унинг захирасини, гидрогеологик хусусияти ва минераллар жойлашув шароитини аниқлашга имкон берди.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнида тежамкор технологияларни қўллаш туфайли маҳсулот таннархи камайтирилмоқда. Ёқилғи-мойлаш материалларидан фойдаланиш жараёни тўлиқ онлайн тарзда қаттиқ назорат қилиб борилади. Барча бурғулаш, компрессор ва автотранспорт воситаларига GPS трекерлари ўрнатилган. Кон жамоаси 2020 йилнинг ўтган даврида қарийб, 815 минг киловатт соат электр энергиясини иқтисод қилди. Кон участкаларининг иссиқ сув таъминотини яхшилаш учун қуёш энергиясида ишлайдиган гелиоколлекторлар ўрнатилдиИшлаб чиқаришга тадбиқ этилаётган инновацион ишланмалар кон ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Сульфат кислотаси концентрацияси оширилган эритмаларни қудуқларга мақсадли йўналтириш, конлардан юқори карбонатли уранни кислородли технология орқали олиш, қудуқлар ишлашини маромида ушлаш учун онлайн назорат тизимини такомиллаштириш шулар жумласидандир. Уранни кислородли технология орқали олиш юқори самара бериб, ушбу технологик ускуналарнинг сони олтитага етди.
Коннинг таъмирлаш-механика устахонасида бурғулаш ускуналари, компрессорлар ва бошқа технологик жиҳозлар тўлиқ таъмирланади. Турли механик деталлар шу ернинг ўзида тайёрланмоқда. Ютуқларни кўпайтиришда тажрибали мутахассисларнинг хизмати катта бўлмоқда. Кон бошлиғи Фазлиддин Мамажонов, бош муҳандис Дилшод Икромов, бош геофизик Эркин Маҳмудов раҳбарлигида, ишлаб чиқариш топшириқларининг муддатида бажарилишида геотехнологик қудуқлар операторлари Отабек Ҳайдаров, Обид Раҳмонов, Учқун Жалилов, электрчилангарлар Карим Райимов, Бахтиёр Ҳасанов, участка гидрогеологлари Фахриддин Амирқулов, Ғолиб Юлдошев, участка механиклари Улуғбек Боймирзаев, Сирож Ботировларнинг муносиб улуши бор. Конда 700 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилади. Улар сафига ҳар йили ёш мутахассислар келиб қўшилмоқд
Қизилқум саҳроси бағрида яшириниб ётган минерал-хомашё заҳиралари Геотехнологик коннинг бир неча ўн йил барқарор ишлашини таъминлайди. Кон жамоаси келгусида ҳам замонавий технологиялар асосида яна кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш мақсади билан меҳнат қилмоқда.
.