Саволларга Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин БОЗОРОВ жавоб қайтарган.
— Ғижимланган, йиртилган пулларни банкларда алмаштириб олиш имкони борми? Бунинг тартиби қандай?
– Агар банкнот юқорида айтиб ўтилган “тўловга яроқсиз” пул тоифасига мансуб бўлмаса, уларни банкларда ҳеч қандай муаммосиз алмаштириб олиш мумкин. Бунда банклар кассалари орқали шикастланган, эскирган банкнотлар қабул қилиниб, уларнинг умумий суммасига тенг бўлган миқдорда яроқли банкнотлар билан алмаштириб берилади.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда ҳам банклар шикастланган пул белгиларини Марказий банк томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ чекловларсиз алмаштириб бериши қайд этилган.
“Эскирган” пуллар банкларда қабул қилингач, улар қайта муомалага чиқарилишига йўл қўйилмайди. Эслатиб ўтаман, “тўловга яроқсиз” пуллар банкларда алмаштириб берилмайди.
— Ҳозирда 1000 сўмлик қоғоз пуллар жуда эскириб кетган. Ҳатто шу эскирган пулларни топиш ҳам муаммо бўлмоқда. Пулларни янгилаб борилиши тартиби мавжудми? Яқин муддатда 1000 сўмликни муомаладан чиқариш айтилган эди? Бу хабар қанчалик асосли?
– Барчага маълум, 1000 сўм номинал қийматдаги банкнот 2001 йилда муомалага чиқарилган. Уларнинг аксарият қисми узоқ вақт давомида муомалада бўлгани сабабли хақиқатда уриниб қолганлигини кузатиш мумкин.
Бунинг асосий сабабини ушбу пулларнинг бошқа йирикроқ номиналдаги банкнотларга нисбатан кўпроқ муомала жараёнига кириши, яъни қўлдан-қўлга ўтиши фаол бўлгани сабабли тез эскириши ҳамда шу ҳолатда, банкларга келиб тушмасдан аҳоли қўлида узоқ муддат қолиб кетиши билан изоҳлаш мумкин. Бу қийматдаги банкнотлар ҳозирда ҳам босиб чиқарилмоқда ва талабдан келиб чиққан ҳолда муомалага киритиб борилмоқда.
Бироқ бугунги кунда банкнотлар муомалага асосан банкоматлар орқали чиқарилаётгани ва банкоматлардан асосан йирик номиналдаги банкнотлар жойлаштирилиши сабабли 1000 сўмлик банкнотлар муомаладан камайиб бораётгани ҳақиқат. Бу табиий жараён бўлиб, худди товарларга ўхшаб талаб камайса, банкнотлар ҳам муомаладан камайиб боради.
— Банкоматларга 1000 сўмлик ҳам жойлаштирилса бўлмайдими?
— Бўлади. Лекин банкнотлар сиғими чеклангани сабабли уларни бир марталик тўлдириш орқали имкон қадар кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши, яъни жойлаштирилган пул тез тугаб қолмаслиги учун кўпроқ йирик қийматдаги банкнотлардан фойдаланилади. Нақд пулларни бевосита банк кассаларидан олганда зарур ҳолларда бир қисмини 1000 сўмлик банкнотлар сифатида олиниши мақсадга мувофиқ.
Яқин орада 1000 сўмлик номиналдаги банкнотларни муомаладан чиқарилиши кўзда тутилмаган.