LOTIN-КИРИЛЛ

Имтиёзли пенсия олишнинг қандай талаблари мавжуд? –мутахассис жавоб берди

 
     Маълумки, ижтимоий ҳимоя тизими бу – камбағаллик ва тенгсизликни камайтириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва дастурлар мажмуасидан иборат давлат сиёсатидир.

     Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Нуриддин Шадихўжаев билан суҳбатимиз соҳада амалга оширилаётган ишлар, имкониятлар, муаммолар ва келгусидаги режаларга бағишланди.

    – Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам олиш тартиби белгилаб қўйилган. Айтингчи, бу каби нафақа турларидан кимлар фойдалана олмайди?

– Таъкидлаш лозимки, ижтимоий соҳанинг босқичма-босқич такомиллаштириб борилаётгани мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан ёрқин далолатдир. Иқтисодиётимизнинг жадал ва барқарор ривожлантирилаётгани аҳоли турмуш даражаси ва сифатини муттасил оширишга асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Жамиятимизда асосан, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган камбағал оилалар, ёлғиз оналар, кўп болалари оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимояга даъвогар қатлам ҳисобланади.

    Соҳада изчилликни таъминлаш, болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловларини ўз вақтида манзилли ва мақсадли етказиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.  Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Масалан, аризалар оиланинг ҳар бир аъзосига 440 минг сўмдан юқори даромади мавжуд бўлганда, икки ва ундан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлган ҳолларда ҳамда оила аъзоларининг ўз номига расмийлаштилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланаётган ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган техник холати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси бўлганда, ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси, 2 ёки ундан ортиқ техник холати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда рад этилиши мумкин.

    Агар ариза берувчи ва оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорда маблағлар мавжуд бўлса ёки ариза берувчи ва оила аъзоларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорларда қимматли қоғозлар мавжуд бўлса ҳам кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилмайди. 

    “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга, бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилинаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга), давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга ва амалда томорқа ерларини ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига ҳам мазкур қоида  қўлланилмайди.

    18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналари (онаси бўлмаган ҳолда отаси), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганлар мазкур нафақалардан фойдаланиш имкониятига эга ҳисобланади.

    Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига, оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига ва  боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга, расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида “Темир дафтар” рўйхатида бўлган оилаларга ҳамда тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор инсон омилисиз “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими томонидан автоматик равишда қабул қилинади.

    Айтишим жоизки, соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирлар манзилли ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Мазкур йўналишдаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиради. Фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ва Пенсия жамғармаси ходимлари нафақа тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш қарори ҳақида аризачига СМС хабар орқали маълум қилинади.

– Маълумки, иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тизими яратилди. Айтингчи, имтиёзли пенсия олишнинг қандай талаблари мавжуд?

– Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома мавжуд бўлиб, кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар — башарти, улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлса имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

     Шу билан бирга бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар — агар, улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлса, учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъий назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этган ходимлар саломатлигига (касаллигига) кўра учиш ишларидан бўшатилган тақдирда ушбу имтиёзга эга бўлади.

    Театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг ва спортчиларнинг айрим тоифалари ҳам ушбу имтиёздан фойдаланишлари мумкин.

– Мамлакатимизда миттилик (пакана) касаллигига чалинган шахслар имтиёзли равишда 15 йил аввал пенсияга чиқиши мумкин. Айтингчи, бу касалликкка чалинганлар учун неча ёшдан пенсия тайинланади?

– “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида гипофизар миттилик касалига чалинганлар (лилипутлар) ва гавда тузилишида мутаносиблик бузилган паканалар: эркаклар иш стажи камида 20 йил ва аёллар иш стажи камида 15 йил бўлган тақдирда умумий пенсияга чиқиш ёшини 15 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли равишда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилган.

   Қонуннинг 7-моддасида, умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эркаклар 60 ёшга тўлганда иш стажи камида 25 йил ва аёллар 55 ёшга тўлганда иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда эга бўлиши назарда тутилган. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида миттилик касалига чалинган 44 нафар фуқарога умумий белгиланган пенсия ёшидан 15 йил олдин имтиёзли пенсия тайинланиб, тўланмоқда.

    Беморлар ҳақида сўз юритилар экан, яна бир маълумотни қўшимча қилмоқчи эдим. Тиббиётда ҳам пенсия тизимига оид ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йилнинг 1 июлидан бошлаб, онкологик ва гематологик беморларнинг вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига келиш харажатлари қоплаб берилиши йўлга қўйилган. 

   Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилди. “Ҳамширалик иши” билан мустақил шуғулланиш учун ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида рухсат берилиб, иш стажи 5 йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилди.

   Сўзим сўнггида шуни алоҳида айтиб ўтишни истардимки, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш бугуннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Ижтимоий ҳимоя тизими ҳозирги иқтисодий ислоҳотлар даврида жамиятнинг ҳал этилиши зарур бўлган  ижтимоий муаммоларини ўзида мужассамлаштирган категория сифатида баҳоланмоқда.

 
O'qilgan: 538 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: