1992 йил 10 декабрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 29 йил тўлди.
Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир деб белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, мамлакатимизда яшаб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши шартлиги алоҳида таъкидланган.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.
Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган
10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда таълим муассасаси ўқувчи ва ўқитувчилари, корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари Н.Муратов иштирок этиб, 1992 йил 10 декабрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган куннинг 29 йиллиги муносабати билан туман ҳокими С.Хамроевнинг табригини ўқиб эшиттирди.
Шунингдек, байрам тадбирида Учқудуқ туман ҳокимлиги томонидан "Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида"ги қонун қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан «Ватаним мадҳиясини куйлайман!» мавзусида ўтказилган танловнинг «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган мактаб» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган оила» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Юнус РИЗАЕВлар оиласи ҳамда «Давлат мадҳиясини энг яхши куйлаган гуруҳ» номинациясида ғолибликни қўлга киритган 20 – умумий ўрта таълим мактаби 5-Б синф ўқувчилари туман ҳокимининг Ташаккурномаси ва китоблар тўплами билан тақдирланди.
Тадбирда “Қизилқум” маданият уйи ҳамда 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоаларининг чиқишлари катта қизиқиш билан томоша қилинди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.