ЖССТ коронавируснинг омикрон варианти билан боғлиқ умумий глобал хавфни жуда юқори деб баҳолади. Бу икки йиллик пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни хавф остида қолдириши мумкинлиги айтилмоқда. Омикрон штамми ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган ва уни уй шароитида даволашга муваффақ бўлишган. ЖССТга кўра, аввал COVID-19 билан оғриган беморларнинг янги штамм билан зарарланиш эҳтимоли юқори.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 29 ноябрь куни Omicron коронавирус штамми билан боғлиқ умумий глобал хавфни жуда юқори деб баҳолагач, Fitch Ratings ҳамда Moody`s Investors Service рейтинг агентликлари ушбу штамм «глобал ўсиш истиқболларига путур етказиши» ва «нархлар ўсишига сабаб бўлиши» мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Омикрон штамми аниқланганидан сўнг кўплаб мамлакатлар (жумладан, Исроил, Марокаш, Япония) эҳтиёт чораси сифатида ўз чегараларини ёпмоқдалар. Бу эса икки йиллик пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишни хавф остида қолдириши мумкинлиги айтилмоқда. Янги штамм билан зарарланишнинг кескин ўсиши жаҳон бозорида сезиларли тебранишларга сабаб бўлиши мумкин.
Reuters`нинг ёзишича, авиакомпаниялар янги штаммнинг ўз тармоқларига таъсирини чеклашга уринмоқдалар, бу глобал туризмнинг тикланишини секинлаштириши мумкин.
ЖССТга кўра, инфекцияларнинг ҳар қандай кўпайиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, бироқ ҳозирча янги вариант билан боғлиқ ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаган. Омикроннинг вакциналар ва олдинги инфекциялар туфайли пайдо бўлган иммунитетни четлаб ўтиш бўйича салоҳиятини аниқлаш қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.
«Жанубий Африкалик профессор Салим Абдул Карим, мавжуд вакциналар Омикрон билан зарарланган ҳолатда касаллик оғир кечишининг олдини олишда самарали бўлиши мумкинлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Жанубий Африкадаги коронавирус ҳолатлари бу ҳафта кунига 10 мингдан ошиб кетиши мумкин, бу кўрсаткич икки ҳафта олдин кунига 300 га яқин эди», — дейилади Reuters хабарида.
Жанубий Африка президенти Кирил Рамафоса туризмга таянган иқтисодиётларга зарар етказадиган «асоссиз ва илмий бўлмаган» саёҳат тақиқларини қоралаганлиги айтилмоқда. Шунингдек у мамлакати «янги штаммларни аниқлашдаги илмий салоҳияти учун жазоланаётганини» қайд этган.
Омикрон штамми билан зарарланиш ҳолатлари ҳозирда Жанубий Африка, Ботсвана, Гонгконг, Нидерландия, Дания, Австралия, Бельгия, Британия, Германия, Исроил, Италия, Франция, Канада, Португалия, Испания, Швеция, Австрия, Шотландия ва Швецарияда қайд этилган.
Энг қатъий чора қўллаган давлатлардан Исроил биринчилардан бўлиб хорижликларнинг мамлакатга киришига бир кечада тақиқ ўрнатди. Япония ҳам «эҳтиёт чораси сифатида» хорижликларнинг келишини тақиқлаганлиги айтилмоқда.
Маълум қилинишича, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш чекловлар жанубий Африка давлатларини яккалаб қўйишидан хавотирда. Унинг сўзларига кўра, Африкадаги вакцинациялаш даражасининг пастлигида Африка халқини айблаб бўлмайди. «Улар илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим маълумотларни аниқлаганлиги ва дунё билан баҳам кўрганлиги учун жазоланмаслиги лозим», дея таъкидлаган у.
Гутерриш анча вақтдан бери бутун дунё бўйлаб вакцина тенгсизлиги хавфи ва эмлашнинг паст кўрсаткичлари «янги вариантлар кўпайишига замин яратиши» ҳақида огоҳлантириб келаётган эди.
Омикрон штамми ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган
Коронавируснинг янги штаммига биринчилардан бўлиб гумон қилган жанубий африкалик шифокор, Жанубий Африка Тиббиёт Ассоциацияси раиси доктор Анжелик Кутзи Reuters агентлигига маълум қилишича, Омикрон варианти ҳозиргача «енгил аломатлар» билан кузатилган ва уни уй шароитида даволашга муваффақ бўлишган.
Хабарда айтилишича, доктор Анжелик Кутзи 18 ноябрь куни клиникасидаги етти нафар беморда касаллик доминант «дельта» вариантидан фарқли равишда «жуда енгил» аломатлар билан кечаётганини пайқаган. Хусусан, 18 ноябрь куни унинг клиникасига бир неча бемор бир хил шикоятлар — «қаттиқ чарчоқ», бош ва танадаги оғриқлар билан ташриф буюрган. «Дельта» вариант билан оғриган кўплаб беморлар билан ишлаган Кутзи «клиник манзара» ўзаро мос келмагач, «бу ерда бошқа гап бор» деган гумонда, шу куниёқ Жанубий Африка Юқумли касалликлар миллий институтини (NICD) бу ҳақда огоҳлантирган.
«Уларнинг аксариятида жуда ва жуда енгил аломатлар кузатилмоқда… Биз бу беморларни уйда консерватив даволай олдик», — дея қайд этган у. Шунингдек, Дельтадан фарқли ўлароқ, беморлар ҳозирча ҳид ёки таъм сезиш қобилиятининг йўқотилишидан шикоят қилмаганлар ва янги штамм ҳолатида кислород даражасида сезиларли пасайиш кузатилмаган.
Кутзининг тажрибаси шуни кўрсатдики, бу вариант 40 ёки ундан кичик ёшдаги одамларга таъсир қилади. У даволаган Омикрон аломатлари бўлган беморларнинг деярли ярми эмланмаган. Беморлар қайд этган «энг асосий клиник шикоят — бу бир ёки икки кун давомидаги „қаттиқ чарчоқ“, шу билан бирга бош ва танадаги оғриқлар» эканлиги айтилмоқда.
ЖССТ ҳам Омикрон билан боғлиқ ҳолатлар асосан ёшлар, хусусан, университет талабаларида қайд этилгаётгани ва касаллик нисбатан енгил шаклда кечаётганлигини маълум қилди. Шунингдек, вариантнинг қайта юқиш хавфи юқори эканлиги аввал COVID-19 билан оғриган беморларнинг янги вариант билан зарарланиш эҳтимолини оширади. Бироқ бу борадаги ҳозирги хулосалар чекланган маълумотларга асосланган бўлиб, батафсил ўрганишлар бир неча кун ёки ҳафта вақт талаб қилади.
Омикрон (B.1.1.529) вариантининг илк ҳолатлари Ботсвана, Жанубий Африка ва Гонгконгда қайд этилган эди. Ушбу вариант спайк-оқсилида 32 та мутацияга эга бўлиб, бу вирусга иммун тизимини четлаб ўтиш имконини бериши мумкинлиги айтилмоқда.
ЖССТ 26 ноябрь куни чақирилган фавқулодда йиғилиши юзасидан берилган баёнотига кўра, COVID-19`нинг янги вариантини SARS-CoV-2 вирусининг «хавотирли варианти» деб таснифлаган ва у вируснинг бошқа шаклларига қараганда тезроқ тарқалиши мумкинлигини қайд этган эди.