Польша Ўзбекистонга чегара хизматини модернизация қилиш учун 170 минг евро ажратиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси Европа чегара ва қирғоқ қўриқлаш агентлиги ҳамда Польша чегара хизмати бош коменданти билан ҳамкорликда миграция соҳасидаги тегишли вазирлик, идоралар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг ташрифини ташкил этган.
Ташриф давомида делегация батафсил ўрганиш мақсадида чегара хизмати ходимларини ишга олиш, ўқитиш усуллари, миграция оқимини самарали бошқариш бўйича ахборот тизимидан фойдаланиш билан танишган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонлик мутахассислар Польша чегара хизматининг лойиҳа гуруҳини (дастурчиларни) бошқариш, мустақил равишда дастурий таъминот яратиш, амалий тизим, чегара назорати жараёнида биометрикадан фойдаланиш ва бошқалар бўйича тажрибасини ўрганган.
Бундан ташқари, чегара қўшинларининг техник инфратузилмасини модернизация қилиш жараёнида чет эл маблағидан фойдаланиш бўйича Польша тажрибаси ўрганилган. «Польша томони 2022 йилда ҳам ўқув семинари давом этишини, бунинг учун Польшадан Ўзбекистонга техник ёрдам сифатида қарийб 170 минг евро ажратилишини таъкидлади», дейилади хабарда.