Ойлик иш ҳақига қўшилган устама пули фаолиятга рағбатдир.Мазкур маблағ белгиланган бўлсаю, тўланмай қолинсачи? Бу ҳар қандай соҳа хизматчисининг кайфиятига салбий таъсир этиши табиий. Учқудуқ тумани Халқ таълими бўлими ходими Б.Ҳамидова ҳам ана шундай вазиятга тушгани учун Учқудуқ туман адлия бўлимига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирининг 25.10.2019 даги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги бошқарув органлари тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги
34-сонли буйруғига асосан вилоят халқ таълими бошқармаларида «Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва тиббий хизматни мувофиқлаштириш» бўлимлари ташкил этилган. Шунингдек, мазкур йўналишда фаолият олиб бориш учун бириктирилган ходимларга қонуний тартибда 20 фоиз устама пули тўланиши ҳам кўрсатиб ўтилган.
Навоий вилояти Халқ таълими бошқармасининг хатига асосан Учудуқ туман Халқ таълими бўлимининг 07.07.2021 йилдаги 179-сонли буйруғи билан «Соғлом овқатланишни ташкил этиш ва тиббий хизматни мувофиқлаштириш» йўналишидаги вазифаларни туман халқ таълими бўлимида ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан бўлимнинг психолог методисти Б.Ҳамидова масъул этиб тайинланган.
Юқоридаги буйруқ ижроси ҳолати юзасидан туман ХТБ марказлашган ҳисобхонасида 2021-йилнинг июль-сентябрь ойларида фуқаро Б.Ҳамидованинг ойлик
иш ҳақига қўшимча устама ҳисобланиши ўрганилганда фуқаро Б.Ҳамидова жорий йилнинг июль ойида меҳнат таътилида бўлганлиги, август ойида 11 кун ишлаган куни учун 288 183 сўм, сентябрь ойи учун 500 528 сўм, жами бўлиб, 788 711 сўм устама пули тўланиши керак бўлсада, аммо ҳисобхона томонидан ушбу қўшимча устамалар ойлик иш ҳақи ҳисобланишида тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
Унга тўланиши керак бўлган устама пуллари икки ойга кечиктирилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 154-моддасига кўра «Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт».
Шунга мувофиқ туман адлия бўлими томонидан ходим манфаатида туман ХТБга тақдимнома киритилиб, мурожаат ижобий ҳал этиб берилди.
Учқудуқ туман адлия бўлими