Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!
Муҳтарам фахрийлар!
Аввало, сиз, азизларни 25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Мустақиллик йилларида бутун мамлакатимиз қатори ички ишлар органлари ҳам ғоят шарафли ва масъулиятли йўлни босиб ўтди.
Соҳа ходимларининг жамоат тартиби ва тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона хизматини ҳаммамиз яхши англаймиз ва муносиб қадрлаймиз.
Бугун мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳалар сингари ички ишлар тизимида ҳам кенг кўламли ва пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ички ишлар органларини эл-юрт манфаатига хизмат қиладиган чинакам халқчил тизимга айлантириш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда.
Азиз дўстлар!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича бугунги кунга келиб 90 дан зиёд норматив-ҳуқуқий, 200 га яқин идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши натижасида ички ишлар органларининг ташкилий тузилмаси, тезкор-хизмат фаолияти ва ходимлар олдига қўйилган талаблар мутлақо янгича тус олиб, аҳолига яқиндан хизмат кўрсатиш таъминланди.
Хусусан, қуйи тизимда туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиб сони оширилди, олисда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча ички ишлар органлари бўлинмалари, таянч пунктлари ташкил этилди.
Ислоҳотлар натижасида, бевосита маҳаллаларда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга таъсир кўрсата оладиган ички ишлар органлари тизими шаклланди. Ходимларнинг шахсий жавобгарлиги оширилди.
Шу билан бир қаторда ходимларга қулай иш шароитлари яратилди, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, туман ИИБ ҲПБ ИИО ТП профилактика инспекторларига қулай шароит яратиб бериш мақсадида уларнинг ҳар бирига узоқ муддатли кредит асосида "Матиз" автомашиналари берилди. Хизмат ҳудудларидаги кўп қаватли уйлардан квартиралар ажратилди. Овулларда эса ҳар томонлама қулай, 2 сотихли замонавий лойиҳалар асосида хизмат уйлари қурилиб, фойдаланишга берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралидаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони талаблари асосида туманимиздаги мавжуд 13 та маҳалла фуқаролар йиғинлари учун бир нафардан, жами 13 нафар профилактика (катта) инспекторлари лавозимлари жорий қилинди.
Ҳозирда ҳар бир маҳаллада бир нафардан профилактика инспекторлари маҳалла раисларининг ҳуқуқбузарликлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида иш олиб бормоқда.
Бунинг натижасида тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик янада кучайди.
Таҳлилларга қарайдиган бўлсак, олиб борилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2020 йилга нисбатан 2021 йилда жиноятларнинг бир қатор турлари камайди.
Шунингдек, тумандаги мавжуд 13 та маҳалладан 5 тасида яъни Мингбулоқ, Боздун, Кокаяз, Кокпатас овул фуқаролар йиғини ҳамда Айтим маҳалласида шу кунга қадар бирорта ҳам жиноят содир этилмаслигига эришилди.
Бу каби ижобий натижаларни қўлга киритишда ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари Жамшид Ризақулов, Шоҳруҳ Файзуллаев, Бобур Ибрагимов, Аслиддин Ахмедов ва Бекзод Каромиддиновларнинг хизматлари беқиёс.
Мухтасар қилиб айтганда, Ички ишлар органлари жазоловчи, назорат қилувчи органдан халқ, жамият, давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашадиган ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширадиган халқчил органга айланиб бормоқда.
25 октябрь — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни байрами билан Ички ишлар идораларининг барча ходимларини, фахрийларини яна бир бор самимий табриклайман!
Ички ишлар идоралари ходимларига эл-юрт тинчлиги, осойишталигини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, унга қарши кураш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли вазифаларни бажаришда, бу шарафли касбни адо этишда куч-қувват, мустаҳкам соғлик тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!