«Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, киритилган ўзгартишлар билан фарзандликка олишни истисно қилувчи жиноятлар аниқ белгиланди.
Ҳаётга, соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага қарши, ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ва бошқа бир қатор жиноятларни қасддан содир этган шахслар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин эмас.
Маълум қилинишича, илгари қасддан ҳар қандай жиноятни содир этганлар фарзандликка олувчи бўлиши тақиқланган.
Шунингдек, ҳукумат томонидан тасдиқланадиган айрим касалликларга чалинганлар ҳам фарзандликка олувчи бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Сенатнинг XX ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал майор Рустам Жўраев талабгорларнинг фарзандликка олувчилар рўйхатида йиллаб навбатда туриши, амалдаги тартибнинг қийинлиги одамларни ноқонуний йўллар билан бола сотиб олишга мажбур қилаётганини таъкидлаганди.
Билдирилишича, республикада фаолият юритаётган 13 та болалар уйларида жами 504 нафар бола тарбияланаётган бўлса, уларни фарзандликка олиш учун ҳозирги кунда навбатда 5792 нафар фуқаро турибди.
Фуқаролар йиллар давомида фарзандликка олувчилар рўйхатида навбатда туришлари улар томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнини четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан бола сотиб олиш даражасига етиб бораётгани айтилди. 2017−2021 йиллар мобайнида бола савдоси бўйича 206 та жиноий ҳолат аниқланган.
«Ҳозир болани фарзандликка олиш масаласида кунига ўртача 53 тадан ортиқ мурожаат бўлмоқда. 20 кун ичида жами 1057 нафар фуқаро мурожаат қилди», деди Рустам Жўраев.
Миллий гвардия қўмондони август ойидан буён меҳрибонлик уйларидаги болалар сони 670 нафарга камайганини маълум қилган