Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ягона статистика услубияти асосида ўтказиладиган, белгиланган санага қадар аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифини аниқловчи маълумотларни йиғиш, олинган маълумотларни қайта ишлаш ва умумлаштириш, якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш ва ундан фойдаланиш жараёнидир.
Бу тадбирда нафақат статистика органлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам бевосита иштирок этадилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини ўз назоратига олади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлигини ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди.
Шу мақсадда, 2020 йилнинг 11 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1—25 ноябрь кунлари амалга оширилади.
Мазкур вазифалар тизимли тарзда амалга оширилиши натижасида республика аҳолиси тўғрисидаги ишончли маълумотлар базаси яратилади.