Учқудуқ туман ҳокимлиги мажлислар залида халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги 35 сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда депутатлар, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, масалага алоқадор корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Мажлисни туман ҳокими, кенгаш раиси С.Хамроев бошқариб борди.
Сессия вилоят округ сайлов комиссияси аъзоси Раупов Холмамат Рашидович иштирок этди ва сўзга чиқди.
Сессия кун тартибида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни тавсия этиш тўғрисида, аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар, халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгашининг регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳамда доимий комиссиялари таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалаларни муҳокама қилди.
Учқудуқ туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 23 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, ҳар бирида комиссия раиси, раис ўринбосари ҳамда комиссия котиби иштирокида комиссия аъзолари ҳақидаги маълумотларни батафсил ўрганиб чиққандан сўнг, депутатлар томонидан тасдиқланди.
Туманда аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган 174 нафар хотин-қизларнинг 101 нафарини “Аёллар дафтари”дан чиқариш бўйича таклиф ўртага ташланди.
Секторлар кесимида 1-сектордан - 20 нафар, 2-сектордан -16 нафар,
3-сектордан -32 нафар, 4-сектордан -33 нафар чиқарилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги масала маъқулланди.
Шунингдек, Халқ депутатлари туман Кенгаши таркибида қайта тузилган 8 та доимий комиссиялар тасдиқланди. Булар:
- Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия;
- Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия;
- Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия;
- Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссия;
- Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия;
- Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссия
- Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия
- Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси.
Бундан ташқари, сессия кун тартибида туман маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси ҳамда иккинчи чорак даромадларининг режасидан орттириб бажарилган қисми ҳисобидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли муаммоларини бартараф этишга сарфланиши тўғрисидаги масалани ҳам муҳокама қилдилар.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.