Бугунги кунда мамлакатимизда хорижий мамалакатларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, оғир шароитда яшаётган мигрантларимиз ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш соҳасида кўплаб ишлар қилинаётганлигини таъкидлаш жоиз.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги Фармони ижросини таъминлан мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январда қабул қилган 39-сонли “Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди ва унга илова қилинган Низомда меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш қандай тартибда амалга оширилиши белгиланди.
Ушбу Низомга кўра, меҳнат мигрантларига уй-жой ажратиш уч босқичда амалга ошилилади.
- Ёзма тавсия олиш. Бунда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигранти ёки унинг номидан оила аъзоси туман ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган талабгорларни танлаш бўйича комиссияга сўровнома-ариза ва доимий яшаш жойи тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этади. Комиссия томонидан ҳужжатлар 15 иш куни ичида кўриб чиқилади. Шу ўринда айтиш керакки, ариза берувчи албатта, “labor migration” дастури мажмуасида рўйхатдан ўтган шахс бўлиши лозим.
Талабгорларни танлаш бўйича комиссия аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида аниқланади:
а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги, турар жойда ижара шартларида яшаши ёки мулк ҳуқуқи асосида турар жойининг яшаш учун яроқсизлиги;
б) бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;
в) кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);
г) ариза берувчи оиласининг даромади;
д) ижтимоий хусусиятига кўра, оиласида алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор (эри, хотини, фарзандлари, ота-онаси) (туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг хулосаси асосида) мавжудлиги;
е) ариза берувчининг оила аъзолари (эри, хотини, фарзандлари, ота-онаси) орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
ж) ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;
з) ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари.
Демак, юқоридаги мезонлар комиссия томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш жараёнида ёзма тавсия бериш ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор чиқаришга асос бўлади.
Инжиниринг компанияси билан шартнома тузиш. Ёзма тавсия берилган талабгорлар дастлабки шартномаларни тузиш учун инжиниринг компанияси “Қишлоқ қурилиш инвест ИК” МЧЖ ҳамда Ўзшаҳар қурилиш инвест ИК” МЧЖ филиалларига мурожаат қилади. Компания филиали дастурлар доирасида уй-жойлар қуриш бўйича талабгорларнинг мурожжатлари асосида белгиланган тартибда улар билан дастлабки шартномаларни тузади.
- Ипотека кредити олиш. Дастлабки шартнома тузилганидан кейин талабгорлар иштирок этувчи тижорат банки ва унинг филиалларига ипотека кредити олиш учун мурожжат қилади.
Ипотека кредитидан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Шунингдек, кредит ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, яъни ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади.
Демак, иротека кредити олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар тижорат банки ва унинг филиаллари томонидан ўрганиб чиқилади ва кредитга лаёқати баҳоланади. Ва ижобий натижа олган талабгорларга кредит беришни маъқуллаш тўғрисида қарор чиқарилади.
Мадад нодавлат нотижорат ташкилоти Учқудуқ туман
ҳудудий бюроси бош мутахассиси Исмоилова Умида Ҳамро қизи