Нақд пул танқислиги шароитида пенсиялар нақд пулда берила бошланди. Ишлайдиган пенсионерларга пенсия тўлиқ тўланмоқда. 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олиниши йўлга қўйилди. Охирги йилларда пенсия тизимида рўй берган шу ва бошқа асосий ўзгаришларни ушбу мақолада санаб ўтамиз.
Ҳозирда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 11 фоизи (3,9 млн киши) пенсия ва нафақа олади. Бундан 5 йил муқаддам эса пенсионерлар 3 млн киши бўлган.
(Манбалардан олинди).
Жумладан, Учқудуқ туманида пенсионерлар сони 3884 нафар кишини ташкил этади. Сўнгги вақтда пенсия ва нафақа олувчилар сони 217 нафарга ўсиб бормоқда.
2017 йилгача пенсионерларни қийнаб келган муаммолардан бири уларга пуллар нақд шаклда берилмаётганида эди. Ўша йили 1 февралдан бошлаб мазкур масала ечим топди – пенсия ва нафақалар исталган шаклда, нақд ёки пластик карта орқали берила бошланди. Бу кўпчилик кутган янгилик эди.
Пенсия тизимидаги яна бир ижобий ўзгариш 2019 йилда юз берди. Яъни пенсия ҳисоблашда иш ҳақига белгиланган юқори чегара БҲМнинг 8 бараваридан 10 бараварга оширилди. Бунинг натижасида туманимизда 1700 нафар фуқаронинг пенсия миқдори ўртача 1 сўмдан 629000 сўмгача ошди.
Қолаверса, 2019 йил 1 январ ҳолатига пенсияларни тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан ўтказилган текширишлар натижасида ортиқча пенсия тўлангани аниқланган 8 нафар фуқаронинг41,1 млн сўмлик қарздорликлари қолдиқлари ҳисобдан чиқарилди.
Тизимдаги ижобий ўзгаришлардан бири – 2019 йил 1 январдан бошлаб барча соҳаларда ишлайдиган пенсионерларга пенсияларининг тўлиқ берилиши бўлди. Бунинг натижасида ўша йили 506 нафар пенсионернинг ойлик даромадлари ўртача 450 минг сўмга кўпайди.
Бунгача (1995 йилдан бери) ишловчи пенсионерларга пенсияларининг 50 фоизи тўланар, эътирозлар ортганидан ортиб бораётганди.
Пенсионер ва ҳозирда болалар шифокори бўлиб ишлаётган Фотима опа Астанакулова бу ҳолат узоқ йил бир соҳада ишлаб тажриба орттирган, пенсия ёшига етса-да меҳнат қилаётган пенсионерларга адолатсизлик бўлганини яширмайди.
“Ишлайдиган пенсионерлар 2019 йилгача 50 фоиз пенсия олардик. Ўша йилдан буёғига ойлик ҳам, пенсия ҳам тўлиқ бериляпти. Нақд ва пластик карта орқали олиш бизнинг хоҳишга кўра берилади. Рости, менга 30 йил ишлаб 50 фоиз пенсия олиш алам қилар эди. Ҳозир тўлиқ оляпмиз”, дейди у.
Энди 2005 йилгача бўлган иш стажлар ҳужжатсиз инобатга олинади.
2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияга чиқмоқчи бўлган фуқаронинг 2005 йилгача ишлаган даври иш стажига ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмасдан инобатга олинади. Пенсияга чиқиш учун фақатгина паспорт ва сўнгги 5 йилда олган ойлик маошлари ҳақида маълумот сўраладиган тизим жорий этилди.
Негаки, 2005 йилгача бўлган иш стажларнинг электрон базаси бўлмагани учун фуқаролардан иш ҳақи, стажи тўғрисидаги маълумотлар, архив ҳужжатлари талаб этилар, уларнинг иш стажлари тўлиқ инобатга олинмай келинар эди. Натижада оворагарчилик ва эътирозлар кўпайиб борди.
Ҳозирда ишлайдиган турмуш ўртоқ ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ойлик даромадларидан пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Мазкур тўловлар ҳисобига стаж йиғиб борилади ва келгусида пенсия таъминоти билан қамраб олиш имконияти яратилади.
Бу дегани аёллар рўзғор ишлари билан банд бўлаверишади, турмуш ўртоқлари улар учун солиқ тўлашади ва келгусида уй бекаси ҳам пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Маълум қилинишича, эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳам Пенсия жамғармасига ихтиёрий равишда солиқ тўлаш ҳисобига ўзларига стаж йиғиб боришлари ва келгусида пенсияга чиқишлари мумкин.
Чет элда меҳнат фаолиятини олиб борадиган ватандошларимизга ҳам пенсияга чиқиш имконияти яратилди. Яъни хорижда олган даромадлари ҳисобидан ижтимоий солиқ тўласалар, уларга стаж ҳисобланади. Пенсия ёшига етганда эса пенсия тайинлаш ҳуқуқи берилади
Жорий йил бошидан “Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри бутун республикада йўлга қўйилди. Бу тизим орқали кам таъминланган оилаларга 3 турдаги нафақалар электрон тартибда, инсон омилисиз, автоматик тарзда тайинланади.
Авваллари нафақа олмоқчи бўлган аризачидан даромадлари, мол-мулки, оила аъзолари ишлайдиган жойдан маълумотлар талаб қилинган. Бундан ташқари, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнига узоқ вақт сарфланган.
“Ижтимоий ҳимоя” ягона реестри тизимида эса фуқаро ҳеч қандай маълумот йиғиши шарт эмас. Фақатгина ариза билан ўзи ва оила аъзоларининг паспорт нусхалари (никоҳ ва туғилганлик тўғрисида гувоҳномалар) тақдим этилади.
Ариза маҳаллага берилади. Реестр орқали электрон тарзда нафақалар кимга тайинлангани ёки рад этилгани, рад этилиши сабабларини ҳам кўриш мумкин бўлади.
Жасур АЛИМОВ,
Учқудуқ туман БТПЖ бош мутахассиси.