Учқудуқ туманидан “Аёллар дафтари”га киритилган 47 нафар аёллар икки кун мобайнида Самарқарқанд ва Қарши шаҳарларида саёҳатда бўлиб қайтишди. Самарқанд шаҳри қадимдан ер юзининг сайқали дея эътироф этиб келинган. Бу қадимий шаҳар ҳақида жуда кўп тарихий манбаларда маълумотлар келтирилган. Самарқанд қадимдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан дунёга машҳур шаҳар бўлган.
Айниқса, соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқанд гуллаб яшнаган, савдо-сотиқ марказига айланган ва энг юксак камолотга етган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларидан савдогарлар ва сайёҳлар бу шаҳарни бир маротаба кўришни орзу қилишган. Ҳазрат Навоий ҳам бу шаҳарда бўлиб, унинг бетакрор гўзаллиги ҳақида асарларида ёзган. Ажойиб шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Самарқанд шаҳрини беқиёс қадрлаган. Европа давлатларининг ҳукмдорлари бу шаҳарни зиёрат қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар.
Орадан қанча асрлар ўтса ҳамки Самарқанд ҳали ҳануз одамларни ўзига оҳанграбодек жалб қилиб келмоқда.
Мустақиллик шарофати билан ўзбек халқининг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва анъаналари тикланди. ЮНЕСКОнинг қарорига асосан Самарқанд музей шаҳар деб эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд шаҳри ўзгача чирой очди. Имом Исмоил ал-Бухорий номидаги мажмуанинг қайтадан обод қилиниши, тарихий ёдгорликларимизни асраб-авайлаш бўйича қатор чора-тадбирларнинг қабул қилиниши Самарқандни чинакам тарихий музей шаҳарга айлантирди.
Афсонавий Шаҳрисабз нафақат гўзал ва сўлим табиати, балки тарихий обидалари билан ҳам маълум ва машҳурдир. Саёҳат давомида саёҳатчилар навқирон ва қадимий Самарқанд ва Шаҳрисабзнинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.
- Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарлари саёҳатидан чексиз таассуротлар билан қайтдик, дейди, - Оринша опа Сидиқова. - Неча йиллардан бери Самарқандга боришни қалбимга ният қилиб олгандим. Орзуларим байрам арафасида амалга ошаётгани эса қувончимга қувонч қўшди. Бизга қаратилган эътибордан эса жуда ҳам мамнун бўлдим.
-Асосийси, тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрландик,- дейди саёҳатчи аёлларга ҳамроҳлик қилган “Учқудуқ” газетаси фотомухбири Б.Кусикбаева.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.