Қизилқум чўлининг жанубий-шарқидаги Оёқоғитма ва Қорасигир ботиқлари яқинида неолит ва палеолит даврига оид манзилгоҳлар топилган.
Фанлар академияси маълум қилишича, Миллий археология маркази Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети олимлари Қизилқум чўлининг жанубий-шарқида жойлашган Оёқоғитма ботиғида неолит, Қорасигир ботиғи яқинида палеолит даврига оид манзилгоҳ қолдиқларини топган.
«Фанлар академияси Миллий археология маркази ва “JURU ENERGY CONSULTING” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага биноан Самарқанд археология институти ва Самарқанд давлат университети мутахассисларидан таркиб топган гуруҳ Қизилқум чўлининг жанубий-шарқида жойлашган Оёқоғитма ботиғи атрофида олиб бораётган тадқиқотлар давомида неолит даврига оид янги неолит маконини топди», дейилади академия хабарида.
Оёқоғитма-2 номи билан аталган ушбу маконда 370 та тош буюм, микрофауна, охра ва гулхан қолдиқлари аниқланган.
Шунингдек, Қорасигир ботиғи яқинида палеолит даврига оид бир қатор (7 та пункт) янги тошга ишлов бериш устахоналари топилган. Бу устахоналардан кулранг ва жигаррангли кремнийлардан ҳамда сланецлардан ишланган кўплаб ишлов берилган тош буюмлар аниқланган, археологлар уни техник-типологик жиҳатдан ўрта палеолит даврига оид, деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, Қизилқум чўли бундан 5-6 минг йиллар муқаддам бепоён водий бўлиб, инсоният аждодлари жуда зич яшаган “минг кўллар мамлакати” бўлган. Дарҳақиқат, ҳудудда ўнлаб серсув дарёлар мавж уриб оққан, юзлаб йирик кўллар ва шунга мос фауна-флора мавжуд бўлган.
Неолит даврига оид дунёга машҳур Калтаминор маданияти ушбу чўл ҳудудидан топиб ўрганилган. Жумладан, Оёқоғитма ботиғининг шимолий чеккасидан Марказий Осиё неолитшунослигига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилган шу номли макон топиб ўрганилган. Оёқоғитма макони Ўзбекистон-Полша-Франция халқаро археологик экспедицияси томонидан жаҳон стандартлари даражасида тадқиқ қилинган.