АҚШда Теxas А&М университети олимлари COVID-19’ни бир сонияда ёки ундан ҳам тезроқ йўқ қилишга имкон берувчи усулни кашф этди. Бу ҳақда Phys.org нашрига таяниб, «РБК» хабар берди.
Университетнинг Электрон ва компьютер технологиялари кафедраси профессори Арум Хан ўз ходимлари билан биргаликда юқори ҳарорат ёрдамида ушбу натижага эришди. Нашрнинг таъкидлашича, коронавирусни зарарсизлантириш учун иссиқликдан фойдаланиш усули илгари ҳам намойиш қилинган, аммо аввалги тадқиқотларда вирус ҳарорат таъсирида бир дақиқадан 20 дақиқагача бўлган. «Бу усул инфекцияни йўқ қилишда амалий ечим бўлмаслиги мумкин, чунки узоқ вақт давомида иссиқликни қўллаш қийин ва қимматга тушади», — деб таъкидлайди Phys.org.
«Хан ва унинг жамоаси ҳозирда иссиқлик билан ишлов бериш коронавирусни бир сониядан камроқ вақт ичида тўлиқ зарарсизлантиришини кўрсатди ва COVID-19’нинг, айниқса, ҳаво томчилари билан тарқалишини камайтириш мумкинлигини исботлади», — дея қайд этади нашр.
Тажриба давомида олимлар таркибида коронавирус бор эритмани зангламайдиган пўлатдан ясалган трубанинг қиздирилган қисмидан ўтказди. Маълум бўлишича, эритма қарийб ярим сония давомида деярли 72 даражагача қиздирилса, вирус титри 100 минг марта камаяди, бу эса уни зарарсизлантириш учун етарли.
Тадқиқотчилар ушбу усулни иситиш, шамоллатиш ва ҳавони тозалаш тизимлари ёрдамида қўллаш мумкин деб ҳисобламоқда.
2020 йил Франция Прованс университети олимлари коронавирус қандай ҳароратда йўқ бўлишини аниқлаган эди. Тажриба давомида улар вирус ҳужайраларини бир соат давомида Цельсий бўйича 60 даража ҳароратда қиздирган ва иссиқлик таъсиридан кейин баъзи штаммлар кўпайиши мумкинлигини аниқлаган. Бироқ 92 даражагача ҳароратда 15 дақиқа қиздирилгандан сўнг, коронавирус бутунлай ўлган.
Апрель ойида Австралиянинг Walter and Eliza Hall Institute of Medical Research институти олимлари ламалар турига кирувчи алпоканинг танаси табиий равишда одамларга хос коронавирусга қарши антитаналар ишлаб чиқаришга қодир эканини аниқлади. Улар ушбу кашфиёт инфекцияни даволашнинг янги усулини яратишга ёрдам бериши мумкинлигини маълум қилди.