Учқудуқ туманида 3-7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчага қамровини ошириш мақсадида мактабгача таълим муассасаларининг турли шакллари фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, оилавий уй-боғча очиш қулайлиги, хонадон аъзосининг иш билан таъминланиши ва бошқа имтиёзлари билан ҳам ҳар жиҳатдан фойдали.
Эътиборли жиҳати, ҳозирда туманда 26 та давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 11 таси уй боғчалари ҳисобланади.
Бугун яна бир ана шундай уй-боғча “Абай” маҳалласида фойдаланишга берилди. “Олтин калитча” деб номланган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти 16 нафар кичкинтойни ўз бағрига олди.
Муассасанинг очилиш маросимида Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроев, Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раис ўринбосари Н.Исоқовлар иштирок этиб, ҳурматли Президентимизнинг мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, айниқса, чекка қишлоқ, овул ва туманларига бераётган эътибори, соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.
Янги муассасада болаларни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, мактабга тайёрлаш учун барча шароитлар яратилган. Муассасада инглиз, рус тиллари тўгараклари фаолият олиб боради.
-Оилавий боғчаларнинг қулайлиги кўп, - дейди биз билан суҳбатда “Олтин қалитча” ОНММТ услубчиси Шаҳло Отаева. - Биринчидан, хонадонингизнинг бўш турган жойидан унумли фойдаланасиз, маҳалладошларингизнинг фарзандларига таълим-тарбия берасиз, якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият юритасиз. Шунингдек, ота-оналар билан келишган ҳолда турли тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиб, қўшимча даромад ҳам олишингиз мумкин. Фақатгина бу соҳада етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, баркамол авлод тарбиялашдаги масъулиятни ҳис қилсангиз, кифоя.
Маълумот ўрнида Учқудуқ туманида 3-7 ёшли болалар 3756 нафарни ташкил қилади. Уларнинг 3535 нафари ёки бўлмаса 94 фоизи давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамров даражаси 12 фоизга ўсди. Жорий йил охиригача яна 10 та оилавий уй-боғчаларни фойдаланишга топшириш ҳисобидан қамров 98 фоизга етказилади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.