Ўзбекистонда 2021 йилнинг 22 мартидан болалар учун мўлжалланган таълим ва кўнгилочар телеканал фаолият бошлади. Бу ҳақда 23 март, сешанба куни мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Тадбирда таъкидланишича, телеканал мактабгача таълим вазирлиги кўмаги билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил август ойида қабул қилинган «Ихтисослашган болалар кўнгилочар — маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган.«Мазкур каналнинг асосий шиори: ‘Бу сенинг вақтинг!’. Яъни кашфиётлар вақти, мўъжизалар вақти, янги нарсаларни ўрганиш вақти. Канал Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой каби ўнлаб мамлакатларда таниқли жаҳон студиялари томонидан яратилган энг яхши анимацион сериаллар ва дастурларни намойиш этиб боради. Барча ижодий маҳсулотлар лицензияланган ва расмий равишда сотиб олинади. Айни пайтда Soniy, Disney, Universal каби йирик кинокомпаниялар билан анимация тўпламини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — деди телеканал ижрочи директори Вела Фидель.
Маълум қилинишича, телеканалнинг асосий аудиторияси 3 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалар бўлиб, канал соат 07:00 дан 22:00 гача фаолият юритади. Келгусида онлайн трансляция ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.
«Сўнгги йилларда юртимизда болалар аудиторияси доимий равишда ўсиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда 10 ёшгача бўлган болалар сони 7,5 миллион нафардан зиёд. Шу боис ўзбек тилидаги юқори сифатли тарбиявий ва кўнгилочар болалар телевизион контенти замон талабига айланмоқда.
« ‘Ақлвой’ канали тармоғида вазирликнинг сўнгги методик ишланмаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган ‘Биласанми?’, ‘Қувноқвой’, ‘Билимдон’, ‘Эли ва Боб’ каби дастурлар ҳам мавжуд», — деди Вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва педагогик технологиялар инновацион маркази директори Оятилло Раҳматиллаев.
Раҳматиллаевнинг айтишича, канал контенти қуйидагиларга мўлжалланган:
- маълумотни қизиқарли ва тушунарли шаклда тақдим этиш орқали болаларнинг билим олиш фаоллигини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий кўникмаларини ривожлантириш;
- телекўрсатувларни ташкил қилиш тизимида замонавий техник ечимлар ва илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш, рақамли ва мултимедиа технологияларини ривожлантириш;
- болалар телекўрсатувлари инфратузилмасини кенгайтириш, миллий маънавият, маданий – аҳлоқий анъаналар ва замонавий инновациялар уйғунлашган, билим берувчи ва кўнгилочар контент ривожланишини рағбатлантириш;
- Ўзбекистонда тасдиқланган талаблар, стандартлар ва ўқув-таълим дастурларига мувофиқ; болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда таълим берувчи, ривожлантирувчи ва ўйин элементларини ўзида мужассам этган телекўрсатувлар ва мултимедиа контентини яратиш;
- болаларда ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, уларни жонажон ўлка маданияти ва тарихи, қадриятлари, анъана ва урф-одатлари билан таништириш;
- болаларда креатив – ижодий фикрлашни ривожлантириш ҳамда уларда бадиий ва эстетик дидни тарбиялаш;
- болаларда соғлом турмуш тарзига оид билимларни шакллантириш, спорт билан шуғулланишга қизиқишни ошириш, зарур санитар-гигиеник кўникмаларини шакллантириш, уларни хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этишга ўргатиш.
Қайд этлишича, телеканал мадҳияси «Анор» болалар шоу ансабмли ва «Томоша» болалар театр студияси аъзолари томонидан ижро қилинган.