бу ҳақда бугун ёшлар билан ўтказилган учрашувда айтилди
Мамлакатимиз ҳаётида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Жойларда ўтказилаётган ёшлар билан учрашувларда улар томонидан янгидан-янги ташаббус-ғоялар илгари сурилмоқда-ки, замонавий иш юритиш услубларини жорий қилишда ёшларнинг нуқтаи назари ва саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этаётир.
Бугун Учқудуқ туманида ўтказилган “Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да ҳам кўплаб, креатив ғоялар илгари сурилди.
Учрашувда вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Аҳмедов, туман ҳокими Соли Хамроев, ШКБ директори ўринбосари, сенатор Баҳодир Шарипов, туман сектор раҳбарлари, корхона-ташкилот бошлиқлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ОАВ вакилари иштирок этди.
Тадбир аввалида “КЕLАJАК” ёшлар марказида ташкил этилган кутубхона, тил ўрганиш синфлари ҳамда ўнга яқин спорт тўгараклари фаолияти, ҳунарли ёшлар томонидан ишлаб чиқарилган буюмлардан иборат кўргазма билан танишдилар.
Учрашувнинг иккинчи асосий бўлимида учқудуқлик ёшлар билан сектор раҳбарларининг мулоқоти ўтказилди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтираётган соҳалар бўйича таклиф ва талабларини очиқ, ошкора ўртага ташладилар.
Жумладан, Учқудуқ саноат техникуми талабаси Асел Асембаева тарихий музей ташкил этиш, Феруза Султонова, Шахзод Абдуллаевлар тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, Севара Эшқуатова қўлда гилам тўқиш ҳунарини ўзлаштиргани, тенгдошларига ҳам устоз-шогирд асосида гиламчиликни ўргатишни мақсад қилганини, лекин Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими маблағ ажратмаётганлигини айтиб мурожаат қилди. Ҳунарманд қизнинг бу мурожаати шу ернинг ўзида кўриб чиқилди ва ижобий ечимини топди.
Иш излаётган Ж.Рахмонов, Б.Рахмоновлар бандлик масаласида мурожаат қилиб, уларга эгаллаган мутахассисликлари бўйича 1 ой муддатда бандлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилиши билдирилди. 2 нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган Д.Кулатованинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилиб, “Йўлчилар” ОФЙ га ҳақ тўланадиган жамоат ишига юборилди. Кейинчалик доимий иш билан таъминлаш масаласи назоратга олинди.
-Ўз лойиҳасига эга, камида 3 та ишчи ўрини ярата оладиган ёшга НКМК ШКБ томонидан ҳозирда фойдаланилмай бўш турган “Аптека” биносидан текинга жой ажратилади, - деди ШКБ директори ўринбосари, сенатор Баҳодир Шарипов. - Тикувчилик билан шуғулланмоқчи бўлганларга эса тикув машинкалари бепул берилади. Шу орқали юзлаб учқудуқлик ёшлар нафақат ишли бўлишади, балки ўз бизнесларини ривожлантиришда маблағга эҳтиёж сезишмайди.
“Сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашуви” да иштирок этган 41 нафар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган фуқароларга ишга жойлашишлари учун сертификатлар топширилди. Уларнинг 21 нафари Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги турли корхона ва ташкилотларга ишга йўллама олди. 20 нафар ишсиз ёшлар эса ҳудуддаги хусусий корхоналар ва бюджет ташкилотларига ўз мутахассисликлари бўйича ишга юборилди.
-Мен адабиётга қизиқаман, келгусида журналист бўлмоқчиман, – дейди 20 – умумий ўрта таълим мактабининг 10 – синф ўқувчиси Гуласал Ризақулова. - Ёшларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бахтиёр замонда яшаяпмиз, давлатимиз томонидан яратилган улкан имкониятларни оқилона англаган ҳолда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишимиз шарт.
Бугун Учқудуқда ўтказилган учрашувда иштирок этган ёшлар мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигига яна бир бор амин бўлдилар.
Райҳон Қодирова,
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.