Одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш орқали улар розилигига эришиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Халқимизни ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топилиб, уларнинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Бу борада маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири куни кеча “Дўстлик” маҳалласида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, 1 – сектор раҳбари С.Хамроев ва мутасадди идоралар бошлиқлари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида 26 нафар фуқаролардан мурожаатлари қабул қилиниб, шундан 12 нафар фуқароларнинг мурожаатларига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва 8 нафар фуқароларнинг моддий ёрдам, пенсия ва кредит масалалардаги мурожаатлари назоратга олинди.
Мурожаатлар мазмунини таҳлил қиладиган бўлсак, 18 нафар фуқаро иш масаласида, 6 нафари имтиёзли кредит олиш, 1 нафар фуқаро ногиронлик нафақаси тайинлаш яна 1 нафари моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Жумладан, М.Авезов кўчасидан яшовчи М.Салимова иш масаласида мурожаат қилган, қабул давомида туман Ободонлаштириш бошқармасига, “Наврўз” кўчасида яшовчи У.Шарипова ҳам шу ернинг ўзида 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига ҳамшираликка йўлланма берилган бўлса, “Мустақиллик” кўчасида яшовчи Г.Исмоилова, “Чўл гули” кўчасида яшовчи Х.Чинниқулова “Учқудуқ кичкинтойлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилотига бири ёрдамчи тарбиячи иккинчиси ошпаз бўлиб ишга қабул қилинди.
Шунингдек, “Бўстон” кўчасидан Б.Давлатова, “М.Авезов” кўчасидан Г.Ахадова, “Тоғли” кўчасидан И.Алиқуловага ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратишда амалий кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Шу куни Учқудуқ туман давлат хизматлари маркази томонидан маҳалла аҳолиси учун сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.
Ҳа, шу куни “Дўстлик” маҳалласида ўтказилган сайёр қабул кўплаб учқудуқликлар қалбига қувонч, умид ва ишонч бахш этди. Ўнлаб оилаларга бахт ва шодлик кириб борди. Бундай хайрли ишлар эса муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Одамлар ҳаётдан бугун рози бўлиб яшаши керак” деган эзгу тамойилга ҳамоҳангдир.
Райҳон ҚОДИРОВА,
халқ депутатлари Учқудуқ туман кенгаши ЎзМТДП депутати.