Гвинея ҳукумати мамлакат жануби-шарқида Эбола безгаги эпидемияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда ҳукумат баёнотига таяниб Guinee114 портали хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, касаллик Нзерекоре префектураси ва Гуеке шаҳрида бошланган. Шу сабабли эпидемияга қарши бир қатор чоралар киритишга, жумладан Эболага чалинганлар билан алоқада бўлганларни аниқлаб, уларни яккалашга қарор қилинган.
Таъкидланишича, бундай чоралар Эбола безгаги белгилари билан вафот этган 4 кишининг қон таҳлили натижалари олингандан кейин қабул қилинган. Натижалар вафот этганларнинг 3 нафарида вирус борлигини тасдиқлаган.
Гвинея ҳукумати берган маълумотларга кўра, мамлакатда безгакка чалиниш бўйича илк ҳолат 28 январда вафот этган ҳамширада қайд қилинган. Эртаси куни ҳамширанинг дафн маросимида иштирок этган ва Эболага чалинган бўлиши мумкин бўлган 7 киши аниқланган.
14 февралда ЖССТ Гвинеяга касалликка қарши курашда ёрдам бериш учун барча захираларни тезкорлик билан сафарбар қилишини эълон қилган.
Гвинея 2014-2016 йилларда Ғарбий Африкада Эбола вируси тарқалиши ўчоқларидан бирига айланганди. Ўшанда бу ҳудудда 28 мингдан кўпроқ киши касалликка чалинган, 11,3 минг киши ундан вафот этган. Энг оғир эпидемиологик вазият Гвинеяга қўшни Либерия ва Сьерра-Леонеда кузатилган.
Гвинеяда вируснинг тарқалиши Африкада жорий ойда қайд қилинаётган иккинчи ҳолатдир. 1 февралда Конго Демократик Республикасининг Бутембо шаҳрида Эболага чалинган 4 киши аниқланганди. Улардан 2 нафари вафот этган.