Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Учқудуқ туманида ҳам Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, адабий-бадиий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган дурдона асарларини айнан она тилимизда яратган улуғ мутафаккирдир.
Сана муносабати билан “Учқудуқ” маданият уйида “Алишер Навоий – 580 ёшда” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида 2020/2021 ўқув йилида умумтаълим фанлари бўйича ўтказилган олимпиаданинг учинчи вилоят босқичида юқори натижаларни қайд этган 9-10 синф ўқувчилари туман ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Олимпиаданинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритган 6 нафар 11-синф ўқувчилари уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан туман ҳокимлиги томонидан "Алишер Навоий ижоди шайдосиман" видеороликлар танлови ўтказилган. Тадбирда ушбу совридорлар ёш Навоий издошлари ҳам туман ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
“Алишер Навоий – 580 ёшда” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда 7, 20 – умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари томонидан шоир қаламига мансуб ғазал, рубоий ва достонлардан намуналар ифодали ёд айтилди.
Туманимиздаги 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби театр синфи ўқувчилари ижросида намойиш этилган “Навоий ва султон Ҳусайн Байқаро”, “Навоий ва Гули” саҳна кўринишларини тадбир иштирокчилари катта қизиқиш билан қарши олдилар.
Бундан ташқари, “Учқудуқ” ва “Қизилқум” маданият уйи, 10-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага бердек манзур бўлди.
Айниқса, Д.Сафаров ижросидаги “Эй, сабо”, С.Эшмаматова ижро этган “Ишқ сели”, Ҳ.Чўлиев ижросидаги “Гулзорим”, З.Халилова томонидан куйланган “Мустаҳзод” қўшиқлари дилларга қувонч улашди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.