Ўзбекистонда аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг «фуқаробай» иш тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 январь кунги селекторда маълум қилди.
«Энди ишни «маҳаллабай» ташкил этишда маҳалла раиси, профилактика инспектори, мактаб директори, ёшлар етакчиси ёшлар муаммоларини «фуқаробай» аниқлайди.
Мана, бир пайтлар биз «мижозбай» ишладик. Энди маҳаллада «фуқаробай» ишлаймиз. Уйнинг ичидаги одамнинг кайфияти қандай? Нима мурод-мақсади бор? Нима муаммолари бор?
Шуларни «фуқаробай» аниқлаб, сектор раҳбарлари олдида аниқ ва лўнда масалаларни қўйишлари шарт», – деди президент.
Давлат раҳбарининг айтишича, вилоятлар ҳокимлари унга кафолат хатлари ёзиб берган. Бу ваъдалар бажарилишини Ҳисоб палатаси назорат қилади.
«Вилоят ҳокимлари жорий йилда қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиши, тадбиркорликка жалб қилиши, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида бандлигини таъминлаш бўйича кафолат хатлари ёзиб берган.
Мен уларни ўқидим. Энди бу хат номига эмас. Ҳар ҳафта душанба куни ёзилган кафолат хатлари нима бўляпти, деб, Ҳисоб палатаси раҳбари менга маълумот беради.
Бугун ушбу раҳбарлар қоғоздаги рақамларни амалдаги ишга айлантириш бўйича ҳисобот беришлари шарт», – таъкидлади Шавкат Мирзиёев.